**** Аъувзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм ****
PDF Bos ePochta
Shanba, 06 Fevral 2010 10:01

Иқтисоддаги раббоний қонунлар фиқҳи (4)

Судхўрлик – ҳалокат омили

 

Хатиб: Шайх Иброҳим ибн Муҳаммад Ҳақийл

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Асл сарлавҳа: مِنْ فِقْهِ السُّنَنِ الرَّبَّانِيَةِ فِي الاقْتِصَادِ (4): الرِّبَا سَبَبُ الْمَحْقِ

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

 

Билгувчи ва Ҳакийм бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, У яратди ва яратганида ҳам пухта яратди:

﴿صُنْعَ الله الَّذِي أَتْقَنَ كُلَّ شَيْءٍ﴾

«(Бу) барча нарсани пухта қилган зот — Аллоҳнинг ҳунаридир» (Намл: 88). Қонунларни чиқарди ва қонунларини пухта қилди:

﴿أَفَحُكْمَ الجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ الله حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ﴾

«Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!» (Моида: 50).

Биз Аллоҳнинг бизни яратиб, бизга етарли нарсаларни яратиб қўйгани учун ҳамдлар, бизни тўғри йўлга ҳидоятлаб, ҳидояти учун бизни танлагани учун шукроналар айтамиз.

﴿وَاذْكُرُوهُ كَمَا هَدَاكُمْ وَإِنْ كُنْتُمْ مِنْ قَبْلِهِ لَمِنَ الضَّالِّينَ﴾

«У зот сизларни — гарчи илгари адашганлардан бўлган эсангиз-да — ҳақ йўлга ҳидоят қилгани янглиғ сизлар ҳам у зотни эсланг — зикр қилинг!» (Бақара: 198).

Мен: «Шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унга итоат этган ва Унинг динига қатъий риоя қилган одам – бахтиёр, Унинг шариатидан юз ўгирган ва мусулмонларга қарши курашган одам – бахтиқаро эканига» гувоҳлик бераман:

﴿وَلَوْ عَلِمَ اللهُ فِيهِمْ خَيْرًا لأَسْمَعَهُمْ وَلَوْ أَسْمَعَهُمْ لَتَوَلَّوْا وَهُمْ مُعْرِضُونَ﴾

«Агар Аллоҳ уларда бирон яхшиликни билганида эди, албатта уларнинг қулоқларини очиб қўйган бўлур эди ва агар (Аллоҳ уларнинг) қулоқларини очиб қўйганида ҳам улар юз ўгирган ҳолларида кетган бўлур эдилар» (Анфол: 23).

Мен: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва расули бўлиб, Умматни барча яхшиликка чорлаган ва барча ёмонликлардан огоҳлантирган, бизни кечаси кундуздек ёруғлик узра ташлаб кетган зот эканига» гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва Қиёмат кунигача давом этадиган издошларига салавот ва баракотлар ёғдирсин.

Сўнг ...

(Ҳой Аллоҳнинг бандалари), Аллоҳдан тақво қилиб, Унга итоат этинглар! Унинг динидан айрилмай, шариатига қатъий риоя қилинглар! Нафсу ҳаводан сақланинглар! Чунки нафсу ҳаво ҳақиқатдан тўсади:

﴿فَإِنْ لَمْ يَسْتَجِيبُوا لَكَ فَاعْلَمْ أَنَّمَا يَتَّبِعُونَ أَهْوَاءَهُمْ وَمَنْ أَضَلُّ مِمَّنَ اتَّبَعَ هَوَاهُ بِغَيْرِ هُدًى مِنَ الله إِنَّ اللهَ لا يَهْدِي القَوْمَ الظَّالِمِينَ﴾

«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмас» (Қасас: 50).

Ҳой одамлар, Аллоҳ таоло шариатини одамларга нозил қилган  пайтида, ўша ва келаси замонларидаги аҳволларини ислоҳ қилгувчи қилиб нозил қилди. Айрим одамлар тушунганидек, ўша замонгагина хос бўлиб, келгуси замонларга салоҳиятсиз қилиб юбормади. Бундай тушунчадаги одамлар шариат ҳурматини поймол қилиб, дунё орзуларини охират устига афзал кўрадилар. Бу уларнинг саводсизликлари, заиф иймонлари сабабли пайдо бўлган фикрдир. Ҳолбуки, инсон шошқалоқлик билан яратилган.

Ислом динига қарши бўлишнинг ҳар бир турида, Аллоҳ таолонинг коинавий қонунларига қарши чиқиш бўлиб, у, Аллоҳ таолонинг қарши чиққанлар учун, гарчи уларнинг кўзига нақд салоҳият ва манфаат бўлиб кўринсада,  тайёрлаб қўйган жазога лойиқ фасодларни келтириб чиқаради.

Аллоҳ таолонинг шаръий қонунлари бандаларни коинотдаги Аллоҳнинг қонуниятларига, унга муносиб ҳаракат қилиб, қарши чиқмасликлари учун, далолат қилади. Шундагина уларнинг ҳозирги кундаги турмушлари фарвовон бўлиб, келажакда ҳам Аллоҳ ваъда қилган мукофотларга сазовор бўладилар.

Коинотдаги ушбу буюк қонуниятлар Қуръон ва суннатда, шахслар ва халқларда мавжуд бўлиб, замон ва макон фарқлилиги билан ўзгариб қолмайди:

﴿سُنَّةَ مَنْ قَدْ أَرْسَلْنَا قَبْلَكَ مِنْ رُسُلِنَا وَلا تَجِدُ لِسُنَّتِنَا تَحْوِيلا﴾

«(Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) сиздан илгари юборган пайғамбарларимиздан қолган йўл-қонундир. Сиз ҳаргиз Бизнинг қонунимиз ўзгарганини кўрмайсиз » (Исро: 77);

﴿سُنَّةَ الله فِي الَّذِينَ خَلَوْا مِنْ قَبْلُ وَلَنْ تَجِدَ لِسُنَّةِ الله تَبْدِيلا﴾

«(Бу) илгари ўтган зотлар ҳақидаги Аллоҳнинг йўли-қонунидир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз» (Аҳзоб: 62).

Барча раббоний шариатлар қарор қилган Аллоҳ таолонинг шаръий қонунларидан бири – рибо (судхўрлик)нинг ҳаром қилиниши ва унга қаттиқ жазонинг белгиланишидир. Ҳато шариат тилида рибони еган, едирган, ёзган ва рибога гувоҳ бўлган барча одам лаънатланган. Барча шариатлар рибога қарши уруш очган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариати эса рибони судхўрларни ҳалок қиладиган етти нарсадан бири қаторида зикр қилиб, судхўр Барзах ҳаётида қон янглиғ қизил рангли дарё ичида икки соҳилдан туриб оғзига тошбўрон қилиниши, Қиёматда эса шайтон теккан кишидек телбанамо ҳолатида жон ато этилишини эслатди.

Уламолар, рибони, Аллоҳнинг шариатида қаттиқ жазолар белгилангани боис, катта гуноҳлардан бири эканига қарор қилганлар.

Шаръий суннат ҳам рибонинг ҳаром эканини олиб келиши, Аллоҳ таолонинг рибо, рибонинг даромадлари ва судхўрларни ҳалок қилишга ҳукм қиладиган, баракаларни тортиб оладиган ва  фалокатларни бошга олиб келадиган раббоний коинавий қонуниятларга мувофиқ бўлди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:

﴿يَمْحَقُ اللهُ الرِّبَا﴾

«Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади» (Бақара: 276).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу: «Рибо нақадар кўпайгандек туюлсада, оқибати камайишгадир»– деди (Имом Аҳмад 3567).

Рибодаги ҳалокат турлари кўп бўлиб, дунё ва охиратни ўз ичига олади. Чунки рибо фойдасининг йўқ қилиниши ҳақидаги хабар, тез кунда дунёда ва келажакда, охиратда бўлишини умумий суратда ўз ичига олган. Даромаднинг йўқ бўлиб кетиш кўринишларидан бири: ҳалокат омилларидан бири бўлган рибо аралашгани сабабли, мол баракасининг кетиши. Бундай молнинг эгаси молини фойда бермайдиган, аксинча, зарар берадиган нарсаларга сарф этади. Чунки у, бу ифлос даромад эканини билади ва ифлос ўринларга сарф этади. Натижада, иккита гуноҳга қўл уради: молни топишдаги ва сарфлашдаги гуноҳлар. Сабаби, молни ҳаром йўлдан топиш, уни ҳаром йўлга сарф этишни тақозо этмайди. Зеро, ҳаромга шўнғиган талайгина инсон шундай фикрда бўлади.

Судхўр мусулмонлар қилаётган катта ишларга назар ташлаган одам, бу ишларнинг, рибонинг эгасига фойда эмас, зарар бергани каби, одамларга зарарли ва фойдасиз эканини кўради. Йўлдошлардан узатилиб фасод манбаи ва гуноҳлар ботқоғига айланган ойнаи жаҳон каналларининг эгалари, судхўр ва судхўрлик билан тижорат қилаётган ҳамда ўз молларини каналлари билан оммани бузиш учун молларини сарфлаётган, натижада, гуноҳларини кўпайтириб олаётган одамлар эканини билиб олади. Аллоҳ таолодан уларнинг шарри ва ишларидан паноҳ сўраймиз!

Рибонинг баракасизлигидан бири, судхўрларнинг кўпи молларини Аллоҳ таолога итоат қилиш ва муҳтожларга ёрдам беришда сарф этмайдилар. Аллоҳга яқин бўлиш учун қандай сарф этсинлар! Ахир у – ҳаром мол-ку!! Банданинг ўз молини Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун ишлата олмаслиги баракасизликнинг энг хунук кўринишидир! Рибосидан садақа қилса ёки яхшилик йўлларида сарф этса ёхуд у билан ҳаж ёки умра қилса, унинг қабул қилинмаслиги ва қилган одамнинг ўзига қайтарилиши ҳақли бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло Покдир ва пок бўлган амалнигина қабул қилади!

Судхўрлар одамларнинг қарзга бўлган эҳтиёжларини суиистеъмол қилиб, уларнинг молларини ботил йўллар билан еб, қарзлари туфайли қул қилиб, молларига эгалик қилиб, қарзларини кўпайтириб оладилар. Анави мазлум ва қийналганлар эса, эҳтиёжларини суиистеъмол қилган судхўрлардан нафратланадилар, уларни лаънатлайдилар ва улар ҳаққига тинмай дуойи бад қиладилар. Булар ҳам судхўрлар, судхўрларнинг бола-чақалари ва бойликларидан барака ва яхшиликнинг кетишига сабаб бўлади. Бу – йўқотишнинг энг каттасидир. Зеро, мазлумнинг дуоси – мустажоб бўлиб, энг катта зулм – одамлар молини рибо билан ўзлаштиришдир.

Агар судхўрлар риболарини тўплашса, уларга золим босқинчиларнинг кўзлари тушади ва судхўрларни тўпланган «даромадлар»га ҳақсиз эканликларини айтиб, куч билан уларни ўзиники қилиб олиш ёки шерик бўлишга мажбурлайдилар. Бу золимларнинг бир-бирларига ҳукмрон бўлиш учун олиб бораётган курашлари воқеликда аниқ кўрилмоқда:

﴿وَكَذَلِكَ نُوَلِّي بَعْضَ الظَّالِمِينَ بَعْضًا بِمَا كَانُوا يَكْسِبُونَ﴾

«Шунингдек, қилиб юрган гуноҳлари сабабли золим кимсаларни бир-бирларига дўст қилиб қўюрмиз» (Анъом: 129).

Рибо сабабли ҳалокатнинг яна бири, қалбларга ўрнашган шафқатсизлик, очкўзлик, тамаъгирлик ва худбинликдир. Буларнинг барчаси ўз эгаларини ҳалок қиладиган разил аҳлоқлардир. Шунинг учун ҳам рибо билан муомала қилган халқларда шафқат, меҳрибонлик ва қаноат қолмайди. Чунки ҳалокат ифлос даромад аралашган молларни йўқ қилганидек, рибодан топилган даромадга боғланган қалбга ҳам етиб келган.

Ер юзида капиталистик қийматлар ва рибо «маданияти» ёйилиб, жаҳондаги молиявий муассасалар ва иш дунёсига ҳукмрон бўлган бир пайтда,  инсон кўзи қалбдаги қаноат ва одамлар ўртасидаги раҳму шафқатнинг кўтарилганини яққол кўриши мумкин. Қашшоқлик Ер юзига ҳукмрон бўлиб, шахслар, халқлар ва давлатларнининг кулини кўкка совурди. Ушбу рибо асрида шахслар, моддий унсур ва касб турлари кўп бўлишига қарамай, молларидан бараканинг кетгани, қанчалар қийналиб меҳнат қилмасинлар, қилган меҳнатларига яраша даромад қила олмаётганларидан шикоят қилмоқдалар.

Ишлаб чиқариш қуролларининг ихтиро қилиниши, Ернинг фойдали қазилмаларини ишлаб чиқариш, саноат турларининг кўпайиши ва қишлоқ хўжалигида бир кунда ўтган асрлар давомида олинган ҳосилни олинаётган бўлишига қарамай, Ер аҳолисининг асосий қисми кундалик эҳтиёжларини топа олмай, қашшоқ яшамоқда. Ҳар куни минглаб инсон очлик ва касалликдан нобуд бўлмоқда. Бу ерда ҳақли бир савол туғилади: Ишлаб чиқарилган саноат ва қишлоқ хўжалиги моллари қаерга кетди?! Нега миллиардлаб тоннани ташкил қилган шунча маҳсулот, миллионлаб камбағал ва оч одамларнинг эҳтиёжларига етмаяпти?! Ахир оз маҳсулот ишлаб чиқарилмаган эди-ку?! Демак, бу ерда одамларнинг ишлаб чиқарган ва етиштирган маҳсулотларида барака йўқ!!

Бу асрдаги катта йўқотишлардан бири, инсоннинг моддага қул бўлишидир. Ҳа, инсон ишлаб чиқариш қуролларининг такомиллашиши оқибатида қурбонга айланиб, модда инсон роҳати, фаровонлиги ва ҳаёт қувончи бўлиш воситасидан чиқиб, олдинга тикиладиган, қўлга киритиш билан бахтиқаро ва йўқотишдан хатарга туширадиган ғояси бўлиб қолди.

Пойдевори рибога асосланган капитализм оламида яшаётган инсон, бойликни қўлга киритиш ва ундан беҳожат бўлиш учун уни ўстиришга ҳаракат қилади. Агар молни қўлга киритиб, ундан беҳожат бўлса, уни ҳимоя қилиш ҳаяжони босади. Молининг камайиши ва қўлдан чиқишидан ҳадикда бўлади. Шунинг учун ҳам инсон молни қўлга киритиш, уни ҳимоя қилиш ва ўстириш учун бахтиқаро бўлади. Чунки баракасизлик, рибо билан ўсган молларга кирганидек, рибога рози бўлган қалбларга ҳам кириб келади. Айтинг-чи, жасади лаззатланган, бироқ қалби азобланган одам, ҳаёт лаззатини қандай тотиши мумкин?! Қалбнинг азобланишидан кўра баттарроқ азоб борми?! Рибога асосланган бозор ва биржаларнинг молиявий тўқмоқлари сабабли қанча инсонлар ҳалок бўлди? Қанча оқиллар телба, қанча давлатлар банкрот, қанча халқлар қашшоқ ва қанча оилалар тарқоқ бўлди?! Ороллар каби кўчмас мулк соҳиби, давлатлар сиёсатига таъсир бера оладиган кучга эга, тижоратдаги яккаҳокимликни қўлга киритган, банк ва биржаларни бошқараётган, бошқа одамлар сингари: «Камбғаллик бизга бирон йўлни кўрсатмайди, бирон уйни қурмайди»– деб ўйлаган Ер юзининг катта сарват соҳиблари ҳам, иқтисодий бўҳронлар олдида эсанкираб қолдилар!! Улар ҳам бозорлар тўқмоғи, рибо ва қимор биржаларидаги ғирромлик сабабли инқирозга учрадилар ва камбағалликлари ва ожизликлари туфайли закот олишга лойиқ бўлиб қолдилар!!

Ҳа, бу – шахслар, давлатлар ва халқларни ўз исканжасига олган умумий баркасизликдир. Ундан бирон киши қутула олмади. Бу баракасизликнинг сири, Аллоҳ таолонинг ушбу оятида яширинган:

﴿يَمْحَقُ اللهُ الرِّبَا وَيُرْبِي الصَّدَقَاتِ وَاللهُ لا يُحِبُّ كُلَّ كَفَّارٍ أَثِيمٍ﴾

«Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади» (Бақара: 276).

Аллоҳ таоло ўлкамизни ва барча Ислом ўлкасини рибо ва судхўрлардан тозалаб, бизни ва барча мусулмонларни ҳалоли билан ҳаромидан, тоат ибодати билан маъсиятидан, марҳамати билан Ўзидан бошқалардан беҳожат қилсин! Дарҳақиқат, У – эшитгувчи ва яқин Зотдир!

Сизлар эшитган гапларни айтгач, Аллоҳга истиғфорлар айтаман ... 

 

Иккинчи хутба

Аллоҳга Роббимиз суйган ва рози бўлганидек пок, муборакли ва кўп ҳамдлар бўлсин. Мен: «Ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Аллоҳнинг бандаси ва расули экани»га гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган издошларига салавоту саломлар йўлласин.

Сўнг ...

(Ҳой одамлар), Аллоҳдан тақво қилиб, Унга итоат этинглар!

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا اتَّقُوا اللهَ وَذَرُوا مَا بَقِيَ مِنَ الرِّبَا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ * فَإِنْ لَمْ تَفْعَلُوا فَأْذَنُوا بِحَرْبٍ مِنَ الله وَرَسُولِهِ وَإِنْ تُبْتُمْ فَلَكُمْ رُءُوسُ أَمْوَالِكُمْ لا تَظْلِمُونَ وَلا تُظْلَمُونَ * وَإِنْ كَانَ ذُو عُسْرَةٍ فَنَظِرَةٌ إِلَى مَيْسَرَةٍ وَأَنْ تَصَدَّقُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ * وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى الله ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَا كَسَبَتْ وَهُمْ لا يُظْلَمُونَ﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз). Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг! Агар тавба қилсангиз, дастмоянгиз ўзингизга — золим ҳам, мазлум ҳам бўлмайсиз. Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир. Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди» (Бақара: 278 – 281).

Ҳой мусулмонлар, жаҳон иқтисодчилари улкан ширкатларни тиз чўктирган ва бошқаларини ҳам тиз чўктиришда давом этаётган капиталистик молиявий бўҳронларнинг асосий сабабчиси рибо эканига қарор қилдилар. Ҳатто айрим ривожланган давлатлар катта ширкатларни социалистик ўтмишда қолган миллийлаштириш сиёсатига интилмоқдалар. Бу эса капитализмнинг боши берк кўчага кирганининг яққол намунасидир. Бундан ҳам ажабланарлиси, Ғарбдан машруъ тенг шериклик – музораба усулига асосланган Исломий Банкачилик тизимига таянишга чақириқлар янграмоқда.

Яқинда француз иқтисодчи, иқтисод фани бўйича Нобель мукофоти совриндори Морис Аллайс (Maurice Allais) Жаҳон иқтисоди «ваҳший либерализм» етакчилигида гувоҳ бўлган тизим муаммосининг ҳозирги ҳолатини «вулқон ёқасида» эканини тилга олди ҳамда кет-макет келиши мумкин бўлган бўҳрон тўлқинлари оқибатида емирилишини таъкидлаб, бу бўҳрондан чиқиш ва мувозанатни таъминлаш учун икки ечимни таклиф қилди: фойда тарифларини нолга тушириш ва солиқ тарифларини 2 фоизга қайтариш. Бу, рибони бутунлай бекор қилиш ва Ислом тузумидаги закот тарифига ўта яқиндир.

Бироқ, Ер юзида манмансираш, раббоний шариатларга бўйиндарозлик қилиш ва Аллоҳга қарши рибо билан уруш очиш натижасида, у ва ундан бошқа ўнлаб машҳур иқтисодчиларнинг бу каби сўзларини жаҳон иқтисодини бошқараётган «мутасаддилар» инобатга олмадилар.

Жаҳондаги ушбу қўрқинчли емирилиш гирдобида ва Ғарб оламининг «Рибо – бизга фалокат ва ҳалокат олиб келди!» деган қаноатидан кейин ҳам, Молиявий Бозор Ташкилоти рибо муомаласининг воситаларидан бири бўлган чек ва қимматбаҳо қоғозлар муомаласи учун молиявий бозор ташкил қилганини эълон қилди. Ушбу қимматбаҳо қоғозлар илгари фақатгина судхўрлар қўлидагина бўлса, энди эса буларни барча одамлар муомаласига ҳавола этилмоқда. Ҳолбуки, эътиборли фиқҳ байтулҳикмалари ва Ислом олимлари қимматбаҳо қоғозларнинг рибодан эканини айтиб ўтганлар. Бу ерда назарда тутилган чек ва қимматбаҳо қоғозларда рибонинг икки тури мавжуддир: қарздорнинг қўшимча бериши билан ортиш рибоси, бир-бирининг қўлларидан олмагани учун насия рибоси. Бу амалиётда қарзлар сотиладиган қимматбаҳо қоғоз ва чекларга айлантирилмоқда. Ушбу хато қарорнинг тагида рибони оммалаштириш, одамларни рибо ботқоғига ботириш, Аллоҳга рибо билан уруш очиш, мол бозорини рибо муомаласига асосланган жаҳон биржалари шаклида қиморхоналарга айлантириш мақсади ётибди.

Шуни унутмаслигимиз керакки, қарзлар ва гаровга олинган нарсаларни сотиш жаҳон иқтисоди учраган ҳамда ривожланган давлатлардаги катта банка ва ширкатларнинг емирилишига сабабчи бўлган ҳозирги бутунжаҳон молиявий бўҳроннинг энг муҳим омилидир. Ғарбликлар ўзларининг емирилган банкалари ва катта ширкатларида осорларини кўра била туриб, молиявий бозорларни бошқараётганлар энди қандай қилиб уни мусулмонлар ўртасида ёймоқчи бўлаяптилар?! Бундай қилиш мусулмонларга самимийлик қилиш рамзими ёки уларга қарши ғироромликми?!

Маъқил ибн Ясор Музаний разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Кимни Аллоҳ бир қавмга раҳбар қилса ва у қавмига ўладиган кунида хиёнат қилиб ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади»» (Имом Муслим 203, 3409).

Рибони эълон қилиш, рибога рози бўлиш ва рибога чорлаш, ушбу ҳадис ичидаги маънолар ичига киради. Бундай қилиш Аллоҳга қарши уруш очиш, Аллоҳнинг жазоларини ўзига чақириш, демакдир. Аллоҳ таоло судхўрларга қарата шундай демоқда:

﴿فَأْذَنُوا بِحَرْبٍ مِنَ الله وَرَسُولِهِ﴾

«(Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз), у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг!» (Бақара: 279).

Абдуллҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Қайси қавмда рибо ва зино пайдо бўлган бўлса, улар ўзларига Аллоҳнинг уқубатини тортган бўладилар» (Имом Аҳмад 3618, 3809).

Аллоҳга неъматларининг заволи, офиятининг йўқолиши, интиқомининг тушиши ва барча ғазабидан сиғинамиз. Аллоҳдан ўзимиз ва барча мусулмонлар учун ҳидоят тилаймиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўллангиз ...    



                                                                              

 

 
« BoshiOldingi12345678910KeyingiOxiri »

Sahifa 1 > 48