** Аъувзу биллаҳи минаш шайтонир рожийм **
PDF Bos ePochta
Juma, 18 Iyun 2010 06:28

Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар

Хутбани тайёрловчи: Абу Жаъфар ал–Бухорий

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ

«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَولاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزَاً عَظِيمَاً﴾

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Сўнг ...

Аллоҳнинг бандалари!

Мовароуннаҳр узоқ тарихдан буён Ислом қалъаси бўлиб келган. Тарих давомида етишиб чиққан муҳаддис ва фуқаҳоларимиз халқимиз билан чамбарчас боғланиб, уларнинг тарққиётлари йўлида кечаларини кундузларига, кундузларини эса кечаларига боғладилар. Асрлар давомида бу анъана давом этиб келди. Халқлар ҳаётида диний таълимотларни жорий этилиши, уларнинг том маънодаги мустақиллиги ва аҳиллигини ифодалади.

Шу боис бу минтақада яшаган халқлар ирқи, миллати ва динидан қатъий назар, Ислом дини аҳкомлари асосида асрлар давомида фаровон ҳаёт кечирди. Чунки улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўзларига шиор қилиб олишган эдилар:

﴿وَابْتَغِ فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنْسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِنْ كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ وَلَا تَبْغِ الْفَسَادَ فِي الْأَرْضِ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُفْسِدِينَ﴾

«Ва Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Аллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қил. Ерда (зулму-зўравонлик билан) бузғунчилик килишга уринма. Чунки Аллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас» (Қасас: 77).

Қадрли мусулмонлар!

Бир минг саккиз юзинчи йилнинг иккинчи ярмида Мовароуннаҳр халқларининг фаровон ва мустақил ҳаётларига ҳасад кўзи билан қараган ёғийлар ҳар тарафдан қуршаб, моддий устунликлари боис уларни мағлуб этдилар. Ўша кундан буён Мовароуннаҳр халқлари бошидан қирғинбарот сиёсатлар, сунъий очарчиликка олиб борган иқтисодлар ва маънавият оламини қуритишга олиб борилаётган «маданий оқартув» йўриқномалари тажрибадан ўтказилди ва ўзининг аччиқ ва салбий меваларини бера бошлади. Ислом дини жамият ҳаётидан четлатилди. Тарих давомида бу халқларнинг олдинги сафларида турган диндорлар обрўсизлантирилди. Тарихий, диний ва маънавий оламга зид бўлган «янги тарих», «янги дин» ва «янги маънавият» турли ахборот воситалари ёрдамида халқлар онггига сингдирилишга ҳаракат қилинди. Натижада, Ислом динини юзаки таниган, Аллоҳдан қўрмайдиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати ва аҳлоқидан бехабар, бироқ, ўзини «мусулмонлар мусулмони» ўлароқ биладиган, ўзининг боёнлиги, қавму қариндошларининг кўплиги билан мағрурланадиган, бошқаларнинг инсоний ҳақ ва ҳуқуқларига эътиборсиз, ҳатто, уларни бутунлай поймол қилишга ҳозиру нозир авлодлар етишиб чиқди. Аллоҳ таоло бундай инсонларни ушбу оятида шундай тавсифлайди:

﴿وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يُعْجِبُكَ قَوْلُهُ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيُشْهِدُ اللَّهَ عَلَى مَا فِي قَلْبِهِ وَهُوَ أَلَدُّ الْخِصَامِ • وَإِذَا تَوَلَّى سَعَى فِي الْأَرْضِ لِيُفْسِدَ فِيهَا وَيُهْلِكَ الْحَرْثَ وَالنَّسْلَ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الْفَسَادَ • وَإِذَا قِيلَ لَهُ اتَّقِ اللَّهَ أَخَذَتْهُ الْعِزَّةُ بِالْإِثْمِ فَحَسْبُهُ جَهَنَّمُ وَلَبِئْسَ الْمِهَادُ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар орасида шундай кимсалар борки, унинг гапирган гапи, ҳаёти дунёда Сизга қизиқ туюлади. Ва ўзи (исломга) ашаддий хусуматчи бўлган ҳолида дилидаги «иймонига» Аллоҳни гувоҳ келтиради. (Олдингиздан) кетганида эса ерда бузғунчилик, экин ва наслларни ҳалок қилиш учун югуриб-елиб юради. Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди. Қачон унга: «Аллоҳдан қўрққин», дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга тортади-етаклайди. Унга жаҳаннам бас келар. Нақадар ёмон жой-а!

И з о ҳ. Юқоридаги уч оят — Ахнас ибн Шарийқ исмли бир мунофиқ ҳақида нозил бўлгандир. У пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келиб, ўзининг ҳақиқий мўмин эканлиги ҳақида ёлғон қасамлар ичиш билан пайғамбарнинг кўнгилларини ўзига хайри-хоҳ қилишга уринганида мазкур оятлар билан Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини огоҳлантиради ва у мунофиқнинг мўминларга етказаётган зиёнларини элга ошкор қилади» (Бақара: 204 – 206).

Бу авлодлар ичидаги золимлар қилган фасодлар чор атрофга ёйилиб, Аллоҳнинг бу минтақага инъом этган осуда ҳаётга раҳна солди. Боз устига мустамлакачиларнинг турли макр ва ҳийлалари ҳам амалда жорий бўлди:   

﴿ظَهَرَ الْفَسَادُ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ بِمَا كَسَبَتْ أَيْدِي النَّاسِ لِيُذِيقَهُمْ بَعْضَ الَّذِي عَمِلُوا لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ﴾

«Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун, уларга қилган айрим гунохларининг (жазосини) тотдириб қўйиш учундир» (Рум: 41).

Азиз дўстлар!

Бу фасодларнинг бадали Аллоҳнинг даргоҳида жуда оғир бўлиб, Аллоҳ уларга ўхшаганларни ҳалокатга дучор қилган эди:

﴿ أَلَمْ تَرَ كَيْفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِعَادٍ • إِرَمَ ذَاتِ الْعِمَادِ • الَّتِي لَمْ يُخْلَقْ مِثْلُهَا فِي الْبِلَادِ • وَثَمُودَ الَّذِينَ جَابُوا الصَّخْرَ بِالْوَادِ • وَفِرْعَوْنَ ذِي الْأَوْتَادِ • الَّذِينَ طَغَوْا فِي الْبِلَادِ • فَأَكْثَرُوا فِيهَا الْفَسَادَ • فَصَبَّ عَلَيْهِمْ رَبُّكَ سَوْطَ عَذَابٍ • إِنَّ رَبَّكَ لَبِالْمِرْصَادِ﴾

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми? (Қуро) водийсида харсанг тошларни кес(иб ўзларига уйлар солиб ол)ган кимсалар бўлмиш Самуд (қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Қозиқлар (яъни Ерга қозиқдек қоқилган баланд эҳромлар ва қасрлар) эгаси бўлган Фиръавнни (қандай ҳалокатга дучор қилганини-чи)? Улар юртларида ҳадларидан ошиб, у жойларда бузғунчиликни кўпайтириб юборган эдилар. Бас, Парвардигорингиз уларнинг устига турли азоб-офатни ёғдирди! Шак-шубҳасиз Парвардигорингиз (барча нарсани) кузатиб тургувчидир» (Фажр: 7 – 14).

Фиръавннинг фасоди ўзининг энг юқори даражасига чиққан ва ҳатто:

﴿ذَرُونِي أَقْتُلْ مُوسَى وَلْيَدْعُ رَبَّهُ إِنِّي أَخَافُ أَنْ يُبَدِّلَ دِينَكُمْ أَوْ أَنْ يُظْهِرَ فِي الْأَرْضِ الْفَسَادَ﴾

«Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсин-чи, унга нажот берармикан. Дарҳақиқат мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишдан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришдан қўрқмоқдаман»– деб (Ғофир: 26) Аллоҳ юборган пайғамбарни йўқ қилишни режалаштирган эди.

Мусулмон дўстлар!

Мустамлакачилар расмий тарзда Мовароуннаҳр тупроқларини ташлаб кетганларини иддаао этсаларда, ҳануз маҳаллий халқларга нисбатан бад нийятли режаларидан воз кечганлари йўқ. Улар маҳаллий халқларнинг ўзлиги бўлмиш мусулмончиликдан қайтариш учун сиёсий, иқтисодий ва ҳалқаро кучларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Ўзларининг қора юзли башараларини намоён қилишмасада, аслида, бу минтақа халқларини бир-бирига душман қилиб, улар ўртасида қирғинбарот тўқнашувлар чиқармоқдалар. Бегуноҳ инсонларнинг қонларини тўкиб, одамзодга Холиқи тарафидан берилган бебаҳо ҳақ – яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқдалар ва бу фитналари билан бутун инсониятни қириб ташламоқдалар:

﴿أَنَّهُ مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا﴾

«Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди» (Моида: 32).

Агар оддий инсонни ўлдириш шунчалар оғир жиноят бўлса, мусулмонларни ўлдиришнинг қабоҳати каттадир:

﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾

«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир» (Нисо: 93).

Ҳурматли мусулмонлар!

Ҳозирги кунда дунёнинг икки минтақаси борки, уларга ким ҳукмрон бўлса, бутун Дунёни бошқара олади. Улардан бири Фаластин, жумладан, Қуддус шаҳри бўлиб, уни бошқарадиган кучлар дунёда мавжуд бўлган барча динлар назоратини қўлга киритиши мумкин. Иккинчиси эса, Марказий Осиё минтақаси бўлиб, у ердаги фойдали қазилмалар ва энергетик ресурслар потенциали ҳамда геополитик ҳолат дунё фаровонлигининг гарови бўлиб, Ер юзини бошқаришга даъвогар бўлган давлатларнинг иштаҳаларини очмоқда. Шу боис бу минтақалар устидан қонли сиёсат олиб борилмоқда ва мусулмонлар қони тўкилмоқда.

Мусулмон биродарлар!

Бу минтақаларда тинчлик барқарор бўлиши учун бирон бир ажнабий ҳарбий жамлоқлар қолмаслиги шартдир. Акси тақдирда, қонлар тўкилиши давом этаверади.

Ҳурматли мусулмонлар!

Бугунги кунда Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган машъум фожиа шу минтақада ҳукмронлик учун курашаётган кучларнинг режаси асосида амалга ошмоқди. Афсуски, бу режада мусулмон қирғиз халқи «қотил», ўзбек халқи эса «қурбон» ўлароқ танланди. Бунинг оқибати эса аянчли бўлди. Ўн минглаб ўзбеклар қириб ташланди. Юз минглаб ўзбеклар ўз ватанларини ташлаб, қўшни Ўзбекистонга ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Бу машъум тарихий ҳодиса қайта такрорланмаслигини Аллоҳ таолодан тилар эканмиз, Аллоҳнинг бу ишлардан огоҳ экани, мусулмонларга шафқатсиз режалари билан зулм қилган инсонлар, пардалар ортидаги қора башараларини қанчалар яширмасинлар, жазосиз қолмаслигини Аллоҳ таоло ўзининг Қуръонида айтиб ўтганини эслатиб ўтмоқчимиз:

﴿الَّذِينَ كَفَرُوا وَصَدُّوا عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ زِدْنَاهُمْ عَذَابًا فَوْقَ الْعَذَابِ بِمَا كَانُوا يُفْسِدُونَ﴾

«Кофир бўлган ва (одамларни) Аллоҳ йўлидан тўсган кимсаларга бузғунчилик қилганликлари сабабли азоб устига азобни зиёда қилурмиз» (Наҳл: 88).

Аллоҳнинг бандалари!

Тарихда ҳам халқлар бошига фожиалар олиб келган зўравонлар яшаб ўтган ва уларни Аллоҳ кутмаган тарафларидан ҳалокатга учратган эди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:

﴿وَمَكَرُوا مَكْرًا وَمَكَرْنَا مَكْرًا وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ • فَانْظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ مَكْرِهِمْ أَنَّا دَمَّرْنَاهُمْ وَقَوْمَهُمْ أَجْمَعِينَ • فَتِلْكَ بُيُوتُهُمْ خَاوِيَةً بِمَا ظَلَمُوا إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَةً لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ • وَأَنْجَيْنَا الَّذِينَ آمَنُوا وَكَانُوا يَتَّقُونَ﴾

«Улар макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) бир «макр» қилдик. Энди уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг — Биз уларни ва барча қавмларини ҳалок қилдик. Мана, улар золим бўлганликлари сабабли уйлари ҳувиллаб қолди! Албатта бунда биладиган қавм учун оят-ибрат бордир. Иймон келтирган ва тақводор бўлган зотларга эса нажот бердик» (Намл: 46 – 53).

 

Иккинчи хутба

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг ...

Аллоҳнинг бандалари!

Ош ва Жалолободдаги хунрезликлар сабабли ўз юртидан жудо бўлган талайгина мусулмон халқимиз, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган жамлоқларда яшамоқдалар. У ерда яратилган шароитлар нақадар давр талабида бўлмасин, юз эллик мингдан ортиқ инсоннинг барча эҳтиёжини қондириш давлат мутасаддилари учун ҳам осон иш эмас. Шу боис у қардошларимизга ёрдам қўлини узатишимиз, бизнинг инсонийликдан аввал мусулмонлик бурчимиздир.

Бундай пайтда ёрдам қўлини узатиш Макка шаҳридан Мадинага янги ҳижрат қилиб келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва маккалик саҳобаларга ўз турарـжойлари ва моддий имконларини улашган илк мусулмон аждодимиздан бизга қолган меросдир. Аллоҳ таоло уларнинг бу саховатларидан хурсанд бўлган ва ушбу оятларни нозил қилган эди:

﴿وَالَّذِينَ تَبَوَّءُوا الدَّارَ وَالْإِيمَانَ مِنْ قَبْلِهِمْ يُحِبُّونَ مَنْ هَاجَرَ إِلَيْهِمْ وَلَا يَجِدُونَ فِي صُدُورِهِمْ حَاجَةً مِمَّا أُوتُوا وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ﴾

«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир.

И з о ҳ. Мазкур оятларда ўзларининг уй-жой ва мол-мулкларини тарк этиб пайғамбар алайҳис-салом билан Мадинайи Мунавварага ҳижрат қилиб келган муҳожирларнинг орзу-ниятлари фақат Аллоҳнинг ризолигини исташ ҳамда Аллоҳ ва пайғамбарга ёрдам қилиш бўлганлиги таъкидланди ва ғазотлардан тушадиган ўлжаларнинг бир қисми ўшаларнинг ҳақлари эканлиги уқтирилди. Шунингдек уларнинг йўлларига уй-жой ва иймон-эътиқод билан пешвоз чиққан ансорлар-ёрдамчилар (улар пайғамбаримизга ва бошқа муҳожирларга ҳар бир ишда кўмак берганлари учун мана шу номга сазовор бўлганлар), ва уларнинг бағрикенгликлари, ўз манфаатларидан ўзгаларнинг манфаатини устун қўя олишлари таърифланди» (Ҳашр: 9). 

Азиз дўстлар, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни еттита нарсани қилишга: жанозага эргашиш (жаноза ўқиш), касални кўриш, чақиргна одамга ижобат қилиш, мазлумга ёрдам бериш, қасамни оқлаш, саломга алик олиш ва чучкирган одамга раддия беришга амр этдилар» (Имом Бухорий 1239).

Азиз биродарлар ва ҳамюртлар!

Яқинда рамазон ойи келади ва унда Аллоҳ таоло қодир қилган мусулмонлар закот берадилар. Агар сизлар закот беришга қодир бўлсангизлар, закотингизни ушбу жабрдийдаларга беринг! Садақаларингиз, эҳсон ва ионаларингизни шуларга қилинг!

Эй сиз, оиласи қучоғида қувониб Ўзбекистонда яшаётган биродар! Оиласидан ажралиб юртингизга келган бечора жувонлар, кўзлари мўлтираб турган болажонлар ва кўзларидан ёшлари тинмай оқаётган қарияларга ёрдам қўлини узатинг! Уларнинг кўнглини олинг! Имконингизда бўлган бир бурда нонми, кечалари очиқ ҳавода узанган пайтида устига ташлайдиган кўрпа ёки кўрпачами, чақалоқлар учун сут кукуними ёхуд болалар учун ўйинчоқми, олиб келинг ва жамлоқдаги қардошларингиз қайғусига ўртоқ бўлинг!

Бугун сиз уйингизда тинчгина ором олдингиз! Аммо сизга жуда ҳам яқин жойда хунрезликдан қочиб келган ва юраги эзилиб тунларини мижжа қоқмай ўтказаётган минглаб қардошингиз оромга, хотиржамликка ва маънавий кўмакка муҳтож! Уларнинг қайғуларини енгиллатиш учун шошилинг! Балки, қўлингизда уларга берадиган юз сўмингиз йўқдир! Балки эллик сўмингиз бордир! Биласизми, ҳозирги уларнинг шу ҳолатларида Аллоҳ учун берган эллик сўмингиз, кимларнингдир минг, балки миллион сўмидан кўра баракалидир! Чунки, сиз ундан ортиғига қодир эмассиз!!

Эй сиз, Ўзбекистондан хорижда яшаётган мусулмон биродар!

Сизнинг муҳожирлик ҳаётингиз оғир кечаётган бўлиши мумкин. Бироқ, шундай бўлсада, сизга ҳам чақириқларимиз бор. Шояд қулоқ берарсиз!

Муҳтарам дўстим! Турарـжой, иссиқ овқат, қавму қариндош, ёру биродарларнинг ўрнини сиз жуда яхши биласиз. Сиз бугунги кунда хунрезликлардан қочиб жамлоқда жамланган опаларингиз, сингилларингиз, отахонларингиз, онахонларингиз ва митти жиянларингизнинг қайғу ва ёшга тўлган кўзларини, ичларидаги аламларини, юракларидаги ҳижрат кечинмаларини, она шаҳридаги ёнган уйлари, кулга айланган мулклари ичида юраклари тирналиб фарёд чекаётган қардошларимизни жуда яхши ҳис этасиз. Келинг, дўстларингиз билан биргалашиб юрагимизнинг бир парчаси бўлган ўша мусулмон қардошларимизга кўнглингиздан чиқарган ёрдамларингизни тўпланг ва Ош, Жалалолобод ва Ўзбекистондаги жабрдийдаларга етказинг! Бу кун – барчамиз учун синов кунидир!

Бу қардошларимиз – мазлумдирлар. Мазлумлар оҳидан қўрқайлик. Уларга ёрдам беришга шошилайлик! Савоблар ёғиладиган бундай фурсатни қўлдан чиқармайлик!

Азиз дўстлар!

Тирик қолган жабрдийда қардошларимиз ҳақида ғамхўрлик қилар эканмиз, бу хунрезликда ҳалок бўлган мусулмон қардошларимизни ҳам унутмайлик. Улар учун Ўзбекистон, Қирғизистон ва дунёнинг барча жойларида ғоибона жаноза намозларини ўқийлик. Ўзимиз турган шаҳар ёки қишлоқ масжидларининг имом ва хатибларига бу мавзуни тушунтириб, мазлум ўлароқ вафот этган қардошларимиз учун жаноза намози ўқиб, ҳақларига дуо қилайлик!

Шу муносабат билан, хорижда яшаётган ўзбек ва қирғиз биродарларимизнинг вазиятга тўғри баҳо бериб, Ош ва Қирғизистонда бўлган хунрезликни хорижга ташимасликларини, балки, ҳар икки уюшма вакилларининг бир-бирига яна ҳам яқинлашиб, Қирғизистондаги хунрезликни бутунлай бартаф этиш учун биргалашиб ҳаракат қилишга, бу хунрезликни қоралашга, матбуот конференциялари уюштириб ўз вакилларига тинчлик ва осудалик барқарорлиги йўлида тавсия ва йўриқлар беришга чақирамиз. Чунки:

﴿وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى ثُمَّ إِلَى رَبِّكُمْ مَرْجِعُكُمْ فَيُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ إِنَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ﴾

«Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Сўнгра ёлғиз Парвардигорларингизга қайтишларингиз бордир. Бас, У зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта У диллардаги сирларни билгувчидир» (Зумар: 7).

Аллоҳим, Ислом дини ва мусулмонларага ёрдам эт!

Аллоҳим, бутун дунё халқларини жумладан халқимизни Ислом динига ҳидоят эт ва унда устувор қил!

Аллоҳим, Ер юзидаги барча мазлумларга ёрдам айла! Аллоҳим, Ош ва Жалолободдаги хунрезликлар оқибатида иймон билан вафот этган барча қардошларимизни раҳмат, гуноҳларини мағфират ва маконларини жаннат айла!

Аллоҳим, бу хунрезликда жабрдийда бўлган барча ёшу қари, эркаку хотин-қизларларга бақувват иймон, сабру матонат, келажакларига умид инъом этиб, ўз юртларига соғـсаломат қайтишларига, ўзларининг қариндошлари ва ёру биродарлари ҳамда молу мулкларига қайта қовушишга муяссар айла!

Аллоҳим, уларни бу кадарларини қилган гуноҳларига каффорот айла ва юракларидаги ғаму андуҳларини ўзинг кўтар!

Аллоҳим, бутун бир халқнинг пароканда бўлишига сабабчи бўлган золимларга Ўзинг кифоя қилиб, уларни бу дунё ва охиратда шарманда қил! Аллоҳим, уларни Ўзингнинг энг ашаддий бало ва азобларингга гирифтор қил! Сен барча нарсага Қодирсан! Биздан дуолар, Сендан эса ижобат!



                                                             

 

 

 
« BoshiOldingi12345678910KeyingiOxiri »

Sahifa 2 > 96