|
ОШ ва Жалолободдаги хунрезликлар ҳақида
www.hikmatnuri.com таҳририятининг
БАЁНОТИ
Қирғизистонинг жанубидаги Ош ва Жалолобод вилоятларида бир гуруҳ ирқчи ва шовунистлар тарафидан 2010 йилнинг 11 июнида бошланган қонли воқеъалар муносабати билан ўз қайғу ва изтиробларимизни, бу машъум ҳодисалар жараёнида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига эса таъзияларимизни изҳор этамиз.
Ўзбек ва қирғиз халқлари асрлар давомида тинч ва аҳил яшаб келган кўпсонли мусулмон халқлар қаторига киради. Чунки бу икки халқнинг диний ва маданий қардошлиги кўҳнадир. Икки халқнинг динийгина эмас, ҳатто миллий анъаналари ҳам бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган. Тили бир-бирига яқин ва дини битта бўлган бу икки халқ Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон жумҳуриятларида халқ хўжалигининг барча соҳаларида ёнма-ён туриб меҳнат қилмоқда. Жумладан, асрлар давомида Қирғизистонда яшаб меҳнат қилаётган ўзбекларнинг Қирғиз давлатининг иқтисоди ва сиёсати равнақида катта ҳисса қўшганлари, жамиятнинг диний эҳтиёжини қондиришда олиб бораётган матонатли хизматлари ҳеч кимга сир эмас.
Афсуски, охирги маълумотларга қараганда Қирғизистондаги қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасида иноқлик ва дўстлик ришталарига кимнингдир ҳасади келганга ўхшайди. Йўқса, аканинг укани, қардошнинг қардошни ўлдириши у ёқда турсин, кутилмаганида ўлим таҳдиди билан ўт очувчи қуролларни ўқталиши ҳам, ақл бовар қилмайдиган ишдир.
Бу қонли воқеъалар сабабчиси ўлароқ бутун қирғиз халқини кўрсатиш мумкин эмас. Халқлар ичидан чиққан бир иккита нобакор ва зўравонлар гуруҳи сабабли бутун бир халқни «қора»га чиқариш оқил инсонлар иши эмас. Чунки, қирғиз халқи ичида бу қонли воқеъаларни қоралаган яхши нийятли инсонлар ҳам бор.
Шу муносабат билан биз www.hikmatnuri.com таҳририяти ўлароқ бутун дунёдаги тинчликсевар кучларни бу хунрезликни зудлик билан тўхтатиш учун ўз имкониятларидаги бор кучларини сарф этишга чақирамиз. Жумладан, Қирғизистон жумҳуриятига чегарадош бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон жумҳурияти ҳукуматларини чегарага етиб келган ўзбек қочқинларини ўз ҳудудларига олишлари ва улар учун керакли барча инсоний ёрдамлар, жумладан, тиббий ёрдамлар кўрсатишга чақирамиз.
Бундай вазиятда Ўзбекистон ҳукуматининг келаётган қочқинлар учун чегараларни очиб қўйгани таҳсинга сазовордир.
Биз Қирғизистон ҳукуматини:
– хунрезликни тўхтатиш;
– хунрезликни бошлаган, хунрезликка чорлаган ва хунрезликни амалга оширган барча гуруҳларни қўлга олиш ва жазолаш;
– икки қардош халқ ўртасида иноқлик ва дўстликка раҳна солган барча ижтимоий иллатларга барҳам бериш;
– воқеъалар давомида жабрланган барча ўзбек аҳолисининг ҳаёти, тижорати, молу мулкини ҳимоялаш учун зудлик билан чоралар кўриш;
– жабрланган ўзбек аҳолисининг ижтимоий ҳуқуқларини поймол қилмаслик учун барча чораларни кўриш;
– аҳоли хафвсизлигини таъминлай олишда ҳукумат ожиз қолгани маҳал қўшни Ўзбекистон Қуролли Кучларини ўзаро битим асосида Қирғизистон ҳудудига киритиш ва ҳаёт мўтадиллашгунига қадар қолишига имконият танишга чақирамиз.
Ўзбекистон ҳукуматини:
– миллатдош ва диндошлари бўлган қирғизистонлик ўзбекларга нисбатан олиб борилаётган хунрезликни тўхтатиш учун барча дипломатик йўллардан фойдаланиш ва бунинг учун Қирғизистон ҳукуматига босим ўтказишга;
– Қирғизистон ҳукумати воқеъалар олдида ожизлигини давом эттиргудек бўлса, Ўзбекистон Қуролли Кучларини Қирғизистон ҳукумати билан келишган ҳолда Ош ва Жалолобод вилоятларига олиб кириш ва икки халқ ўртасида осуда ҳаёт таъминоти ўлароқ бир неча йил қолишга;
– Қирғизистонда ҳар қандай ажнабий давлатнинг хорижий ҳарбий базалар қуришига қарши бўлишга;
– Ўзбекистон ҳудудига етиб борган қочоқлар учун Ош ва Жалолободдаги вазият нормаллашгунича барча қулайликларни яратиб, Қирғизистонга қайтармасликка;
– Вазият нормаллашганидан сўнгра қочқинларнинг ўз вилоятларига саломат қайтиб бориб, молу мулкларини қўлга киртишларида ҳуқуқий замин таъминотини ҳозирлашга чақирамиз.
Зеро бир мусулмон халқнинг ирқчилик ва зўравонликка дуч келиб бегуноҳ қатл этилиши, унутилмас тарихий ҳодисадир. Бу ҳодисада мазлум халқнинг ёрдамига қўл узатмаслик, тарихий доғ бўлиб қолади.
Ўзбекистон халқини эса ўзларининг миллатдош ва диндош қардошларига ёрдам қўлини чўзишлари, модддий ва маънавий кўмакларини беришга чақирамиз.
Хориждаги ўзбек ва қирғиз диаспораларини эса, Қирғизистондаги бир гуруҳ шовунистлар таъсирида қолмаслик ва бу ҳодисаларни хорижга ташимаслик, балки, ўзаро дўстона муносабатларни давом эттириб, бўлаётган ҳодисаларни қоралашга чақирамиз.
Қирғизистонда бўлаётган воқеъалар – фитнадир ва фитнани бошлаганлар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлишлари аниқдир.
Баёнотимиз хотимасида Аллоҳ таолодан жабрланганларга сабот ва матонат тилаб қолар эканмиз, жаҳондаги бутун тинчликсевар халқларни бу хунрезликни зудлик билан тўхтатиш учун қўлларидан келган барча воситаларни ишга солишларига яна бир бор чақирамиз!
www.hikmatnuri.com таҳририяти |