|
Азоннинг ҳайбати
Хатиб: Шайх Муҳаммад Солиҳ Мунажжид
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий
Асл сарлавҳа: هيبة الأذان
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Биринчи хутба
Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
Сўнг ...
Тавҳидни эълон қилиш муҳташам ишдир. Унинг энг муҳташами ҳар куни: «Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар! Аллоҳу Акбар! Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду ан ла Ла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ!» жумлаларининг такрор ва такрор янграшидир.
Кибрлик ва ибодат шериксиз Аллоҳ учунгина қилиниши зарурлигини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўнгги пайғамбар эканини эълон қилиб дунёнинг тўрт бурчагида тарих давомида янграган ва Аллоҳ Ерни ва Ер устидаги барча махлуқотни Ўзига мерос қилиб олгунича янграйверадиган азон – Исломнинг мамлакатлардаги шиоридир, Ислом динининг аломати, мусулмонлар учун ибодат маҳалини билдирувчи эълон ва жамоат намози учун чақиқриқдир. Бу азон билан мамлакат аҳолисининг мусулмон экани маълум бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир халққа қарши ғазот қилмоқчи бўлсалар тонг отмагунича ҳужум қилмас эдилар. Азон товушини эшитсалар ҳужум қилмас, акси тақдирда ҳужум қилар эдилар (Имом Бухорий 610).
Бу азон уларнинг мусулмон эканликларининг аломати эди. Уламолар азоннинг Ислом хусусияти, зоҳирий анъанаси ва азон товуши эшитилган мамлакат аҳолисининг эса мусулмон эканига ижмоъ қилганлар. Агар азон айтилмаса уларга қарши жанг қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин саҳобалари билан йиғилиб, намоз вақти кирганини билдириш учун маслаҳат қилдилар. Айрим саҳобалар байроқ тикишни тавсия этдилар. Бу тавсия Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёқмади. Баъзилар қўнғироқ чалишни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У, насоролар ишидан»– дедилар. Биров бурғу чалишни маслаҳат берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У – яҳудийларники»– дедилар. Бошқалар: «Гулхан ёқайлик!», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У – оташпарастларники»– дедилар. Аллоҳ таоло Абдуллоҳ ибн Зайд разияллоҳу анҳуга бир тушни кўрсатди ва уни айтиб берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Иншааллоҳ, бу – ҳақиқатнамо туш. Ўрнингдан тур ва Билолга кўрган тушингни айтиб тур. Ўша билан азон айтсин! Чунки унинг товуши сеникидан баландроқ!»– дедилар (Абу Довуд 498). Бу ҳадисни аллома Албоний «саҳиҳ» деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Намоз вақти кирса сизларга бировингиз азон айтсин ва ёши каттангиз имом бўлсин»– деганлар (Насоий 635).
Азон айтиш фарз кифоя ва Исломнинг зоҳирий аломатларидан бўлиб, уни айтиш учун товуши баланд одамни танланади. Чунки товушнинг баландлиги олисларга етиб, одамларни йиғишга катта ёрдамчидир. Бу катта ибодат – Аллоҳ даргоҳидаги энг афзал амаллардан ҳисобланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Одамлар азон (айтиш) ва биринчи сафда қанчалар савоб борлигини билсалар ва бунинг қуръа ташлашни раво кўрсалар эди, қуръа ташлаган бўлар эдилар!» (Имом Бухорий 615; Имом Муслим 437);
«Муаззинга товуши етган жойгача мағфират қилинади ва унга барча қуруқ ва ҳўл нарсалар гувоҳлик беришади. Савоби эса у билан бирга намоз ўқиганлар савобича бўлади» (Абу Довуд 515). Ахир уларга муаззин намоз вақтини билдириб, намозга чорламадими? Яхшиликка чорлаган уни килган одамдек эмасми?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Муаззинлар Қиёмат кунида одамларнинг энг новчаларидир» (Имом Муслим 387).
Азон, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, шайтонни қувади. Шайтон овозли ел чиқариб азонни эшитмайдиган жойгача қочади (Имом Бухорий 573, 1155; Имом Муслим 884).
Азон Аллоҳ таолонинг ушбу ояти таҳтига киради:
﴿وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًا مِّمَّن دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحًا﴾
«(Одамларни) Аллоҳ(нинг дини)га даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, «Шак-шубҳасиз мен мусулмонлардандирман», деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?» (Фуссилат: 33). Чунки Оиша разияллоҳу анҳо: «(Ушбу оят) муаззинлар ҳақида нозил бўлган»– деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муқимликда ҳам, сафарда ҳам азон айтишга васият қилар эдилар. Бировга: «Мен сенинг қўйлар ва саҳроларни севишингни кўрдим. Агар қўйларинг ичида қишлоғингда бўлсанг ва намозга азон айтсанг, баралла айт. Чунки муаззин товушини эшитган жин, инсон ва бошқа нарсалар Қиёмат кунида унга гувоҳлик беради» (Имом Бухорий 609, 3296; Имом Аҳмад 11323, 11411).
Уламолар муаззинлик ва имомгарчилик ҳақида фарқли фикрга бордилар. Айримлар азонни танладилар. Умар разияллоҳу анҳу: «Халифалик бўлмаса эди, муаззинликни танлар эдим»– деган эди. Баъзилар эса: «Агар фақиҳ бўлса имомгарчилик қилиш афзал»– дедилар. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафойи рошидийнлар имомгарчиликни танладилар.
Имом Нававий (раҳимаҳуллоҳ) айтди: «Агар кофир азон айтса ва шаҳодат калималарини талаффуз қилса, бу унинг мусулмон эканига далилдир». Яъни, кофир Ислом динини қабул қилмоқчи бўлса унга: «Азон айт!»– дейилса ва у азонни айтса, Ислом динига кирган бўлади.
Азон бир неча муборак калималарни ўз ичига олган. Азонда Аллоҳнинг зикри, Аллоҳ калимасини олий қилиш, Аллоҳга қулликдаги тавҳид, Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар эканига гувоҳлик, Аллоҳга шерик қилишни инкор этиш, тавҳидга чақириқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатини тасдиқлаш, намоз ва нажотга чорлаш, Охиратга ишорат бўлиб, у (азон)ни Аллоҳнинг кибри, азамати ва Аллоҳдан бошқаларнинг эса нақадар митти экани билан тугалланади.
Азон – ўтмиш хотираси ҳамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач Билол разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин бирон киши учун азон айтмайман!»– деди ва Шом тарафга кетаётган қўшин билан бирга Мадинадан айрилди. Умар разияллоҳу анҳу Байтул Мақдисни фатҳ этгач лашкар ичидаги Билол разияллоҳу анҳуга: «Бизга бир азон айтиб бермайсизми?»– деб қолди. Билол разияллоҳу анҳу азон айта бошлади. Одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тилга олгач, ҳаммалари йиғидан ўзларини тута олмадилар. Улар у кундагидек ҳеч йиғламаган эдилар.
Азонни эшитиб Ислом динини қабул қилган кофирлар сони оз эмас. Муслима дугонасининг чўнтак телефонидан азонни эшитиб, у ҳақда сўраган ва Ислом динини қабул қилган христиан қиз бор. Бошқа бир христиан аёл Ислом динини қабул қилган қизини кўргани келиб, бамдод намозининг азонини эшитгач намоз ўқиш учун тайёргарлик кўра бошлаган қизини кўргач, қалбига ишонч туйғулари кирган ва бу унинг Исломга киришига туртки бўлган.
Мана шу азон кофирлар қалбини титратиб, уларнинг қалбига йўл олган. Улардан бири шундай дейди: «Мен Исломдан нафратланар эдим. Мусулмонларнинг бир давлатига бордим. Вақт ўтиши билан азонни эшитганим сайин, у ҳақида фикрлар бошладим. Унинг маъноларини ўзимдан сўроқлар эдим. Охири Аллоҳ таолонинг:
﴿وَمَن يَبْتَغِ غَيْرَ الإِسْلاَمِ دِينًا فَلَن يُقْبَلَ مِنْهُ﴾
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди» (Оли Имрон 85) ояти менга қаттиқ таъсир қилди. Ислом қалбимни эгаллаб, мусулмон бўлдим». Унинг мусулмон бўлиши азонни эшитишдан бошланган эди.
Ушбу азон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафойи рошидинлар даврида томнинг тепасида айтилар эди. Кейинроқ шаҳарлар ичида баланд–баланд уйлар ва бинолар пайдо бўла бошлагач масжидларга аломат бўлсин учун миноралар иншо этила бошлади. Минораларга қараб баланд бинолар ўртасидаги масжидларнинг жойи аниқланар ва намозхонлар унга қараб оқиб келишар эди. Қисқаси, минора масжид борлигининг белгиси эди.
«Аллоҳу акбар!» минорадаги даъват,
Меҳробда ҳам такрордир ҳар вақт!
Азон айтар экан товушни баралла кўтариш – суннатдир. Нажжор уруғига мансуб бир хотиннинг уйи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжиди атрофидаги баланд уйлардан бўлгани учун, Билол разияллоҳу анҳу унинг томидан туриб бамдодга азон айтар эди (Буни Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ ривоят қилди ва ҳасан ҳадис эканини айтди).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳунинг ҳовлисида масжид бўлиб, Билол разияллоҳу анҳу унинг қибла тарафига қурилган устун устида азон айтар эди. Бу устунлар кейинроқ минораларга айлантирилди.
Ислом дини мусулмон муҳожирлар воситасида кофирлар яшайдиган ўлкаларга етиб бориб, мусулмонлар у жойларда ўтроқ бўлганларидан сўнгра жума ва жамоат намозларини ўқиш учун ибодатхоналар очдилар, ҳатто масжидлар ҳам қурдилар. У масжидларда:
﴿فِي بُيُوتٍ أَذِنَ اللَّهُ أَن تُرْفَعَ وَيُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ يُسَبِّحُ لَهُ فِيهَا بِالْغُدُوِّ وَالْآصَالِ • رِجَالٌ لَّا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَن ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاء الزَّكَاةِ﴾
«Аллоҳ уларни баланд кўтариб (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни амр қилган) эди. У (масжидларда) эртаю кеч У зотни поклайдиган кишилар бордирки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас» (Нур: 36, 37).
Аллоҳ душманларининг даъватнинг ғалабаси ва тавҳид овозининг юксалишини кўргач, уйқулари қочди. Жамиятларида мавжуд бўлган плюрализм, бағрикенглик, ҳуррият, бетарафлик ва оламшумуллик каби барча нарсадан воз кечдилар ва Ислом аломатларига – унинг зоҳирий белгиларига қарши кураш бошлаб, айрим давлатларда азон минораларини иншо этишга қарши овоз бердилар.
Яҳудийлар ўзларини безовта қилгани учун Қуддусда азон айтилишини таъқиқламоқчилар. Ҳатто Европадаги айрим партия ва жамиятлар ўзларича бу масъалани ҳал этиш учун йўқламалар қилиб, минорасиз Европа байроқларини кўтардилар ва: «Бу аломатлар исломий бўлиб, уларни таҳаммул қилиш имкони йўқ. Ўз ватанимизда азон айтишга қандай йўл қўямиз!»– демоқдалар.
﴿وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّن مَّنَعَ مَسَاجِدَ اللّهِ أَن يُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ وَسَعَى فِي خَرَابِهَا أُوْلَئِكَ مَا كَانَ لَهُمْ أَن يَدْخُلُوهَا إِلاَّ خَآئِفِينَ لهُمْ فِي الدُّنْيَا خِزْيٌ وَلَهُمْ فِي الآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ﴾
«Аллоҳнинг масжидларини уларда Аллоҳ исми зикр қилинишидан тўсадиган ва уларни хароб қилиш ҳаракатида юрадиган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор? Ахир бу кимсалар учун ундай жойларга фақат қўрққан ҳолларèда кириш жоиз эди-ку. Улар учун бу дунёда расволик, охиратда эса буюк азоб бордир» (Бақара: 114).
Уларга мунофиқлар эргашмоқда ва уларни ўзлари учун – гумонларича – секуляризм ва ҳуррият бобида пешво қилиб, Исломга қарши душманлик ва Ислом анъаналарини йўқотиб ташлаш байроғини баланд кўтармоқдалар. Шундай қилиб, айрим масжидлар тошбўрон қилиниб, уларнинг олдиларига дарахт шохлари ташланмоқда. Бу – ғайри табиий ҳодиса эмас, балки, ўша мамлакатларда Исломнинг ёйилишига бўлган нафратдир. Бунга мисол тариқасида шуни айтишимиз мумкинки, Швейцарияда 310 000 мусулмон яшаб, 160 та Жомеъ масжиди фаолият кўрсатмоқда ва Ислом дини бу мамлакатдаги иккинчи диндир.
Исломга қарши нафрати келгани маҳал, ғарбликларда демократия сароби ва виждон эркинлиги хурофоти ўз–ўзидан йўқ бўлади:
﴿قَدْ بَدَتِ الْبَغْضَاء مِنْ أَفْوَاهِهِمْ وَمَا تُخْفِي صُدُورُهُمْ أَكْبَرُ﴾
«Уларнинг сизларни ёмон кўришлари оғизларидан ошкор бўлди. Дилларидаги адоватлари эса янада каттароқдир» (Оли Имрон: 118). Гумон қилинган демократия, эътиқод ва виждон эркинлиги билан масжидлар қуриш, миноралар иншо этиш, азон айтиш ва ҳижобда юришни таъқиқлаш сабабли пайдо бўлган зиддиятлар, бу кураш натижасида яна ҳам чуқурлашиб кетмоқда.
Агар минора ва ҳижобга қарши олиб борилаётган курашга назар ташласангиз, буларнинг Исломнинг зоҳирий даъвати бўлиб, Аллоҳнинг динини эълон қилаётганини яққол ҳис этасиз. Ҳатто мусулмонларга хос қабристонлар бўлмагани боис, мусулмонлар қабрини оёқ ости қилиш хатари ҳам эшик қоқмоқда.
Бундан ташқари мусулмонларнинг ҳайвонларни уюштирмай бўғизлаганлари ҳам муаммога айланган. Гўё шаръий усуллар билан бўғизлаш «ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик» эмиш! Бунинг мусулмонларни маҳаллий урф одатларга ассимиляция қилиш талаби ҳам бор. Яъни, мусулмон шахсият ва хусусиятларнинг аста-секин эритиб бориш сиёсати. Шу сабабли мусулмонлар ўзларининг иш ва турар жойларида анчагина қийналмоқдалар.
Бу ирқчилик сиёсатининг кўринишларидан бири Германия маҳкамасида содир бўлди ва шовинист миллатчилардан бири мусулмон жувонни одамлар кўзи ўнгида пичоқ билан чавақлаб ташлади.
Ғарбликлар ҳатто қўналғаларда ҳам кичик–кичик намозхона ва масжидлар ажратилишига қарши чиқмоқдалар. Азон айтилаётган масжидларга эса, гумонларича, тўполон пайдо қилиш ва баланд товуш сабабли оммани безовта қилиш баҳонаси билан жарима солинмоқда. Шайтоннинг дўстларини, шайтонни безовта қилган нарсаларгина безовта қилади!
Шубҳасиз, Ислом динининг ёйилиши ва мусулмонлар сонининг ортиб боришидан қўрқиш, очиқ намоён бўлмоқда. Масалан, Испаниядаги муҳожир мусулмонлар 1998 йилда умумий аҳолининг 2.3 %ни ташкил қилган бўлса, 2007 йилга келиб бу 13.4 % га етган.
Бу ҳисоботлар яқин кунлар ичида мусулмонлар сони Ғарбий Европа давлатларида бошқалардан кўра анчагина ортиб кетишини кўрсатмоқда. Чақалоқларга Муҳаммад, Одам, Айюб, Амин, Ҳамза каби мусулмон исмларни қўйиш Белгияда кенг тарқалган. Шу боис мусулмонларга чекловлар қўйиш ва турли азиятлар бериш кучаймоқда.
﴿ يُرِيدُونَ أَن يُطْفِؤُواْ نُورَ اللّهِ بِأَفْوَاهِهِمْ وَيَأْبَى اللّهُ إِلاَّ أَن يُتِمَّ نُورَهُ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ﴾
«Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хохламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди» (Тавба: 32).
Черковлар сони озаймоқда ҳатто мусулмонлар тарафидан харид қилиниб, масжидларга айлантирилмоқда. Голландиядаги ёшлар роҳиблик ва лоҳутий билимларни олишдан воз кечгани боис, роҳиб ва епископларни Африка давлатларидан олиб келинмоқда. Ўнлаб черковлар ёпилмоқда. Бунинг олдида Ислом динини қабул қилаётганларнинг сони кун сайиб ортиб бораётгани қайд этилмоқда. Вена (Австрия)да ҳар куни 63 кишининг Исломни қабул қилиши кузатилмоқда.
Америка Қўшма Штатларида масжидлар сони 2000 дан ошди. Нью Йоркнинг ўзида 100 дан ортиқ масжид фаолият кўрсатмоқда. Буюк Британияда 1000 дан ортиқ минора қад кўтармоқда. Францияда 1554 масжид минорасидан янграган азоннин эшитиб келган намозхонларни, масжидлар сиғдира олмаяпти. Германиядаги масжид ва намозхоналар сони 2500 дан ортиқдир. Голландияда 400 дан ортиқ, Бельгияда 300 дан ортиқ, Италияда эса 130 дан ортиқ масжид, хусусан пойтахт Римда Катта Жомеъ Масжиди фаолият кўрсатмоқда. Дунёда Ислом ҳудудлари кенгайиб, Ислом чор атрофга ёйилмоқда. Бунга табиий ўлароқ, Ислом динини қабул қилганларнинг сони ҳам ошиб бормоқда. Исломнинг зоҳирий кўринишлари Исломни эълон қилмоқда ва бу, ғарбликларни чўчитмоқда. Ичимиздан чиққан айрим мунофиқлар эса: «Келинглар, уларга ўлкамизда черков қуриш ҳаққини берайлик. Ахир, миноралар қуришга қаршилик қилишларининг сабаби бизнинг черков қуришга таъқиқларимиз эмасми?»– деб жар солмоқдалар.
Бундай жоҳил ёки ғаразгўй инсонлар ҳақиқат билан ботилни, ислом билан куфрни, тавҳид билан ширкни тенглаштириб, уларнинг ҳар бирига бир хил баҳо бермоқдалар. Уларни бир-бирига таққосламоқдалар ва: «Келинглар, уларга ўлкамизда черков қуришга рухсат берайлик, улар ҳам бизга масжид қуриб беришсин!»– деб жар солмоқдалар. Уларга черков қуриш рухсати бадалига масжид қуриб беришни таклиф қилар эканмиз-а?!!
Наҳотки сен Аллоҳдан бошқасига ибодат қилиш ёки Аллоҳга шерик келтирилишига рози бўлсанг?! Наҳотки сен мажусийларнинг оташхонаси, яҳудийларнинг синагоги, христианларнинг черкови, роҳибларнинг монастири, будавий ва ҳиндусларнинг ибодатхоналарини Аллоҳнинг уйлари ва масжидлари билан бир хил кўрсанг?!! Уларни бир деб билсанг?!! Ислом билан куфр ўртасини тенглаштирган одамдан ҳайратланмай илож йўқ. Ахир Аллоҳ таоло шундай демаганми:
﴿ وَمَن يَبْتَغِ غَيْرَ الإِسْلاَمِ دِينًا فَلَن يُقْبَلَ مِنْهُ وَهُوَ فِي الآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ ﴾
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу Умматнинг яҳудий ва христианидан биронтаси Мени эшитиб, Мен билан бирга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлса, жаҳаннам аҳлидан бўлади» (Имом Муслим 240).
Мусулмон, кофирлар ўлкасида ўзининг исломий анъаналарини қила олмаса, у ерда яшаши жоиз эмас. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен мушриклар ичида яшаётан барча мусулмондан безорман»– деганлар (Абу Довуд 2645; Термизий 1702). Бу ҳадис – саҳиҳдир.
Бирон зарурат ёки эҳтиёж учун яшаётган бўлса динига эҳтиёт бўлиши ва улар ичида исломий анъаналарани қилишга кучи етиши керак. Шунинг учун ҳам жума ва жамоат намозларини ўқиш, рамазон ойи рўзасини тутиш ва бошқа ислом анъаналарини ошкор қила олиши керак. Акси тақдирда у ердан ҳижрат қилиши ва бошқа жойда яшаши керак бўлади.
Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз (раҳимаҳуллоҳ) айтади:
«Мусулмон дини, номуси ва молининг хавфсизлигига ишонмайдиган даражада турган мамлакатида диний анъаналарини ошкор қилишдан ожиз экан, агар имкони бўлса хавфсиз ва хотиржамлик билан ибодатларини қила оладиган мамлакатга ҳижрат қилиши керак»;
«Динига ошкор амал қила олмаган мусулмоннинг Ислом диёрига ҳижрат қилиши фарздир. Шунингдек динида фитналанишдан қўрққан одам ҳам гарчи ўзига маҳрам топа олмаган хотин киши бўлсада, Ислом диёрига ҳижрат қилиши керак. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган:
﴿إِنَّ الَّذِينَ تَوَفَّاهُمُ الْمَلآئِكَةُ ظَالِمِي أَنْفُسِهِمْ قَالُواْ فِيمَ كُنتُمْ قَالُواْ كُنَّا مُسْتَضْعَفِينَ فِي الأَرْضِ قَالْوَاْ أَلَمْ تَكُنْ أَرْضُ اللّهِ وَاسِعَةً فَتُهَاجِرُواْ فِيهَا﴾
«Албатта мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан ўз жонларига жабр қилган кимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «қандай ҳолда яшадингиз?» — деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар. (Шунда фаришталар): «ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)» — дейишди» (Нисо: 97).
Ер юзидаги мусулмонларга ёрдам бериш, бошларига келган оғир кунларида ҳамдард бўлиш бизнинг вазифамиздир. Биз уларга имконият доирасида ёрдам бериш учун қайғуришимиз ҳамда келажак Исломники эканига қатъий ишонишимиз керак!».
Бу шариат Аллоҳнинг нигоҳида эрур доимо
Унга қарши узатилган қўл, бўладур расво!
Ғарбнинг Исломга қарши олиб борадиган курашининг ягона натижаси бўлиб, у – кўплаб ғарбликларнинг Ислом динини қабул қилишидир.
Аллоҳ хоҳлаб қолса бирон фазилат,
Ҳасадчининг тили ҳам айланар албат!
Ҳатто айрим ғарбликлар ҳам шундай деганлар: «Ислом янгитдан порлайди. Бироқ, бу сафар жуғрофий ҳақиқатлар фарқли бўлади. Одатда Ислом шарқдан балққан эди. Бу сафар эса ғарб тарафдан балқади». Аллоҳ таолодан динини азиз қилишини сўраймиз.
Аллоҳим, Ислом ва мусулмонларни азиз, ширк ва мушрикларни хор қил! Аллоҳим, биз Сендан дининг, Китобинг ва Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига ёрдам беришингни сўраймиз! Аллоҳим, Исломга ёрдам берганларга ёрдам бер, уларга муваффақият насиб айлаб, улар билан бирга бўл, эй раҳмлилар Раҳмлиси! Мусулмонларни ёрдамсиз ташлаб қўйганларга Сен ҳам ёрдам берма! Дарҳақиқат, Сен барча нарсага қодирсан.
Бу гапларни айтиб ўзим ва сизлар учун Аллоҳдан мағфират сўрайман. Сизлар ҳам Ундан мағфират сўранглар! Дарҳақиқат, У – кечиргувчи ва раҳм қилгувчи Зотдир.
 |