|
Илм ҳақидаги хутбалар Хатиб: Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Илм олиш ва билимга амал қилишга рағбатлантириш ҳақида Самовот ва Ерларни, зулмат ва нурларни яратган, илмни жаҳолат устига фазилатли қилиб: «Биладиганлар ва билмайдиганлар тенг бўла оладими?» (Зумар: 9) деган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен «Ягона, шериксиз, илм ва дин учун салоҳиятли нарсаларни Билгувчи Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ҳамда Муҳаммад Аллоҳнинг «Аллоҳ ким учун яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ қилиб қўяди» (Имом Бухорий, Саҳиҳул-Жомеъ, 1/130, 136, 137. Имом Муслим, Саҳиҳул-Жомеъ, 6/ 393, 396)– деб айтган бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва саҳобаларига Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган барчага салавоту саломлар йўлласин. Сўнг ... Ҳой, одамлар! Аллоҳ таолодан тақво қилинглар ва фойдали илмни олиш билан, Унинг шаръий аҳкомларини ўрганинглар! Чунки, илм – нур ва ҳидоят, жаҳолат эса – қоронғулик ва зулматдир. Аллоҳ таоло пайғамбарига нозил қилган ваҳийни ўрганинглар! Чунки, уламолар – пайғамбарлар ворисидирлар. Пайғамбарлар дирҳам ва динор эмас, илмни мерос қилиб қолдирдилар. Уни ким олган бўлса, уларнинг меросидан етарлича насиба олибди. Илмни ўрганинглар! Чунки илм – дунё ва охиратдаги юксалиш, Қиёмат кунигача давом этган ажрдир. Аллоҳ таоло айтди: «Аллоҳ ичингиздаги мўъминлар ва илм аҳлининг мақомларини кўтаради» (Мужодала: 11). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам фарзанди вафот этса учтадан бошқа барча амаллари тўхтайди: жорий садақа ёки ўзидан сўнгра фойдаланиладиган илм ёхуд дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд» (Имом Муслим, Саҳиҳул-Жомеъ, 3/ 1255, 5/ 72, 11/ 68). Раббоний уламоларнинг осорларига боқинг! Қанча ойлар ва йиллар ўтган бўлишига қарамай осорлари тилларда достон, йўлларидан эса издлошлари юрмоқда. Хотиралари ҳеч унутилмади, қилган ишларига миннатдорчилик изҳор этилмоқда. Бирон ерда номлари тилга олинса: «Аллоҳ раҳмат қилсин!» деб ҳақларига дуолар қилинмоқда. Солиҳ амаллар ва олий одоблар тилга олинса, улар бу ишларда доим ўрнак бўлишмоқда. Ҳой, одамлар! Илм ўрганиб, унга амал қилинглар. Чунки, илм ўрганиш – Аллоҳ йўлидаги жиҳод, илмга амал қилиш – нур ҳамда Аллоҳ берган фаҳмдир: «Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра Биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши — зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?!» (Анъом: 122). Ҳой, одамлар! Биз, янги ўқув йилининг бўсағасида турибмиз. Бу ўқув йилида ўқувчилар ўзларига дарс берадиган ўқитувчиларни, ўқитувчилар эса ўзларидан фан, одоб ва ахлоқларни ўрганадиган ўқувчиларни кутиб оладилар. Ажабо, буларнинг ҳар иккиси бир-бири учун нималарни тайёрлаб келди экан? Ўқувчилар ўқув йилига жиддий ва фаол таёргарлик кўришлари, ҳар боб ва ҳар йўлдан билим олишга имкони борича тиришишлари, қалбларига ўрнашиши учун кучларини сарф этиб, йил бошидан ҳаракатларини кучайтиришлари керак. Шундай қилишгина билимнинг ўрнашиши ва билим олишнинг қулайлашиши учун муҳим омилдир. Агар йил бошидан илмларни аста-аста ўрганиб борса, унга енгил бўлади. Йил бошида дангасалик қилса, кейин ишлари қийинлашади. Ўрганиши керак бўлган дарслар кўпайиб, билими юзаки бўлиб қолади: қалбига ўрнашмайди, хотирасидан жой олмайди. Сўраш билан олган билимини, фойдали билим бўлиши учун, ўзига татбиқ қилиши, ўқувчининг вазифаларидан биридир. Илмга амал қилиш – билимнинг самарасидир. Жоҳил одам – билими билан фойдалана олмаган ва билимига амал қилмаган олимдан кўра яхшироқдир. Чунки, билим – қурол бўлиб, ё сизнинг фойдангиз ва душманингиз зарари, ёхуд фақат сизнинг зарарингиз бўлади. Ҳой, ўқувчи! Бирон диний масъалани ўрганган бўлсанг, унга амал қил! Ахир, амал қилмасанг билимнинг нима кераги бор?! Айтчи, бир одам тиббиёт фанини ўрганган ва унга амал қилмаган: на ўзини ва на бошқасини даволамаган бўлса, унинг билимидан нима фойда?! Шаръий илмларни татбиқ қилмаслигинг худди шунга ўхшайди, балки, оқибати ундан кўра қаттиқроқдир. Агар шаръий билимларга амал қилсанг, у илмлар сенинг манфаатинг учун, амал қилмасанг зарарингга ҳужжат бўлади. Ҳой, ўқитувчилар! Зиммангизда Умматингиз ва сиздан таълим олаётган ўқувчиларнинг улкан ҳақлари бор. Бу ҳақларни Аллоҳ учун холис, Аллоҳдан мадад сўраб, ўз болаларингиз ва сизлардан таълим олаётган ўқувчиларингиз манфаати учун, адо этингиз. Таълим берар экан холис бўлингиз, тушунтириш учун қулай ва осон усулларни танлангиз. Ҳар бир синфга ўз лаёқатига лойиқ дарс берингиз, қуйи синфларга юқори синфларга дарс бергандек дарс бермангиз. Ўқувчилар кўз олдида гўзал ва олийжаноб ахлоқни намуна қилиб кўрсатингиз ҳамда пасткаш ва сафил ахлоқлардан йироқ бўлингиз. Чунки, ўқувчи устозидан фанларни ўрганганидек, ахлоқларни ҳам ўрганади. Уларни имконият туғилган ҳар бир фурсатда гўзал ахлоқли бўлишга чорлангиз. Чунки самимимй ўқитувчи – таълим ва чиройли тарбияни ўзида мужассамлаган инсондир. Зеро, Аллоҳ таоло яхшилик қилганларни суяди. Аллоҳу таоло айтди: Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир- ражийм: «Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, бу Қуръон) Биз сизга, одамларни Роббиларининг изни-иродаси билан зулматлардан нурга — қудрат ва ҳамду сано эгаси бўлган зотнинг йўлига — олиб чиқишингиз учун нозил қилган Китобдир. Аллоҳ осмонлар ва Ердаги бор нарса Ўзиники бўлган зотдир. Кофирлар учун қаттиқ азоб — ҳалокат бўлгай» (Иброҳим: 1, 2). Аллоҳ таоло мен ва сизларга Қуръон Каримда баракалар ато этсин. |