|
Асримиз иллатлари: маст қилувчи ичимликлар ва банг моддалари
Хатиб: Шайх Сауд ибн Иброҳим Шурайм
Таржимон: Абу Жаъфар ал–Бухорий
Асл сарлавҳа: آفَةُ الْعَصْرِ: الْمُسْكِرَاتُ وَالْمُخَدِّرَاتُ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Биринчи хутба
(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ ﴾
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً ﴾
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَولاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزَاً عَظِيمَاً﴾
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.
Сўнг ...).
Ҳой одамлар, Аллоҳдан – Роббингиздан тақво қилингиз ва Уни сиру ошкорада риоя этингиз! Аллоҳнинг тақвоси билан ишлар ислоҳ бўлади, ёмонликларнинг илдизи қурийди, одамларнинг дунёвий ва ухровий ишлари тузалади.
Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳ таоло Одам фарзандини кўплаб махлуқларидан устун қилиб, мукаррам айлади:
﴿وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِى ءادَمَ وَحَمَلْنَـاهُمْ فِى الْبَرّ وَلْبَحْرِ وَرَزَقْنَـاهُمْ مّنَ الطَّيّبَـاتِ وَفَضَّلْنَـاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً﴾
«Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда — қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) чиқариб қўйдик ҳамда уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик» (Исро: 70).
Аллоҳ одамзодни бир неча хислатлар билан ҳурматлади ва у бошқа жонли ва жонсиз, наботот ва жинлар каби махлуқотлардан улар билан ажралди. Аллоҳ инсонни ақл билан мукаррам айлаб, тушуниш неъматини зийнат қилиб берди. Тафаккур ва тадаббур билан олдинга йўллади. Ақл – инсонга берилган энг муаззам неъматлардан бири бўлиб, у билан инсон яхшилик ва ёмонликни, зарарли ва фойдали нарсаларни бир-биридан айиради. Ҳаётида у билан бахтиёр бўлиб, ишлари ва ҳолатларини тартиблайди, ақли билан қувонади. Ақл боис халқлар тараққиёт поғоналаридан юксалади, ҳаёт илгарилайди. Умум инсоний жамиятлар тартибга тушади ва унга қараб масъулиятлар юкланади.
Ақл – бебаҳо гавҳар ва фазилати кўп бўлгани сабабли, оқил инсонлар уни парваришлаб, ҳимоя қиладилар. Уни зое қилиш ёки йўқотишдан қўрқадилар.
Оқиллар ақллари боис ҳурмат қозонадилар ва ақлларини ақллари нима учун яратилган бўлса ўша учун ишлатадилар. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
﴿قَدْ بَيَّنَّا لَكُمُ الأَيَـاتِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ﴾
«Мана Биз ақл юргизишларингиз учун сизларга (Ўз қудрати илоҳийямизга далолат қиладиган) оятларни батафсил баён қилдик» (Ҳадид: 17);
﴿فَتَّقُواْ اللَّهَ ياأُوْلِى الاْلْبَـابِ﴾
«Бас, эй аҳли дониш, нажот топишингиз учун Аллоҳдан қўрқингиз!» (Моида: 100);
﴿إِنَّ فِى ذَلِكَ لايَـاتٍ لاِوْلِى النُّهَى﴾
«Албатта бунда ақл эгалари учун оят-ибратлар бордир» (Тоҳа: 128);
﴿هَلْ فِى ذَلِكَ قَسَمٌ لّذِى حِجْرٍ﴾
«Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!» (Фажр: 5).
Одамзод ўз ақлини йўқотса ўзи билан бошқа жонли ва жонсиз нарсалар ўртасини ажрата олмай қолади. Ҳатто баъзи ўринларда тилсиз ҳайвон ундан кўра фойдаланиш жиҳатидан усутнроқ бўлади. Ақлини йўқотган инсонда фойда ҳам бўлмайди, ундан фойдаланиш имкони ҳам маҳол бўлади. Балки у, оиласи ва жамиятига оғир юк бўлади.
Одамлар ичида масъулият юкланишига сабаб бўлган бебаҳо ақлига эътибор бермаган, уни ҳимоя қилмай оёқлари остига олган, ўз майилликларига эргашган, онги кўр бўлган инсонлар бор. Улар жамият ичида ароқхўрликлари ёки гуёҳвандликлари ёхуд бошқа маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилишлари ёда заҳарли газларни ҳидлашлари билан яққол кўриниб турадилар. Бу моддалар ақлга таъсир қилиб, инсон инсонийлигидан маҳрум бўлади ва янги – жиноятчи, босқинчи ва ахлоқсиз шахс шакллана бошлайди. Ҳаёт фалж бўлади, уммат биноси қулайди. Маст инсон Роббисини унутади, ўз жонига жабр қилади: телбанамо ҳаракатлар қилади, иродасини йўқотади, ҳаёсизлик сари одим ота бошлайди, фарзандларини етим, хотинини бева қилади. Ақлидан маҳрум қолгач эса оиласига юк бўлади, енгил ҳаёт ва осон тирикчилик йўллари ҳақида ўйлай бошлайди. Беҳуда ишлар билан шуғулланади. Шундай қилиб самовий шариатлар ҳимоя қилиш фарз эканига қарор қилган бешта нарсадан бири – ақли тақозо этган нарсалардан воз кечади.
Ақлни ҳимоя қилиш ва асраш – фарздир. Чунки уни ҳимоя қилиш билан башарият манфаатларининг пойдевори тикланади. Ақлидан маст қилувчи унусурлар сабабли маҳрум қолган инсон ўзига ва жамиятига зарар бериб, жамияти ва миллатини хорлик ва вайроналик гирдобига отиб, хавфсизликни бузади, жамиятга қўрқув солади, жоҳилий араблар жамиятида содир бўлган ароқхўрлар афсонаси ва ўтиришларини қайта жонлантиради.
Аллоҳнинг бандалари, маст қилувчи нарсалар боис ақлдан маҳрум қолиш қабиҳ одат бўлиб, жоҳилият давридагина бўлган эди. Жоҳилият давридаги одамлар шароб дастурхони атрофида ёру дўстлари билан тунларини бедор ўтказар ва бу ўтиришни фахр ва саховат воситаларидан бири дея тушунар эдилар!!
Жоҳилият давридаги шаҳарлик ва қишлоқи одамларнинг ҳаммаси шаробхўрликка берилган, шоирлари шароб ҳақида мадҳиялар ёзар, уни сотиб олиш учун талайгина пуллар сарфлар эдилар. Улар бўш вақтларини тўлдириш ва камбағалликларини унутиш учунгина шаробхўрлик қилишар эди. Пайғамбарлик тўхтаган давридаги жоҳилият шеъриятининиг талайгина девонлари шароб ҳақида эди. Каъбапўшларга осилган машҳур етти қасиданинг бошида шароб ҳақида қасида бор. Амр ибн Кулсум айтди:
Эй аёл, эрта тонгда косаларни тўлдир бизга
Андар қишлоғининг шаробини бер ҳаммамизга!
Каъбапўшга осилган бу қасидалар арабларни ўзига маҳлиё қилган ва улар уни Қуръон каби ўқиб юришар, ҳатто айримлари шундай дейишган:
Тағлиб уруғидан кетказди карамлар шодасини
Амр ибн Кулсум айтиб ўша машҳур қасидасини.
Демак, мастлик жоҳилият даврида араблар фахри ва жўмардликларининг нишонаси, уни меҳмонларга тортиқ қилиш эса катта обрў бўлган.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига: «Огоҳ бўлингларки, жоҳилиятнинг барча ишлари оёқларим остидадир»– деб эълон қилиш учун келдилар (Имом Муслим 2137).
Ҳой одамлар, икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Исроъ ҳодисаси ҳақида келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида шахсларининг ақлини ҳимоя қилмаган уммат йўқ бўлишга маҳкум экани, мастлик жоҳилият аҳлини қандай ҳалокатга учратгани, уларга на бахт келтиргани ва на барқарор ватан насиб этганини ифодаладилар: «Менга икки идишни олиб келинди. Уларнинг бирида сут, иккинчисида эса ароқ бор эди. Менга: Хоҳлаганингизни олинг!,– дейилди. Мен сутни олиб, ичдим. Менга: Фитратни топдингиз ёки фитратга ҳидоят қилиндингиз! Агар ароқни олсайдингиз умматингиз залолатга оғар эди!» (Баззор 3484). Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг ривоятида эса: «Ароқ сизнинг умматингизга тез кунда ҳаром қилинади. Агар ундан ичсангиз умматингиз ичидан озчиликгина сизга эргашар эди»– дейилган (Имом Табарий «Таҳзибул осор» 2868). Яъни, ҳидоят ва ҳақиқат узра устивор бўлишга озгина одамгина ҳадоятланади. Шундай экан, айтингчи, ўз ўлкаларида кечаю кундуз мастлик ва шаробга ошкора мубтало бўлган халқ нажот топиши мумкинми?! Йўқ, мумкин эмас! Ҳа, минг марта: ЙЎҚ!!
Аллоҳу акбар! Жибрил алайҳиссалом ҳақиқий мусулмон уммат, гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлсада (Бунинг бўлиши асло мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ота-онам фидо бўлсин), биронта ароқхўр орқасидан эргашиши мумкин эмас!
Демак, бу умматда ароқ ва сут, яъни, фитрат ва ароқ ҳеч қачон бирлаша олмайди. Ё шаробсиз солиҳ фитрат ёки фитратсиз шароб ва дарбадарлик!! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зоний мўъмин бўла туриб зино қилмайди! Ўғри мўмъмин бўла туриб ўғирлик қилмайди! (Банда) мўъмин бўла туриб шароб ичмайди!»– дедилар (Имом Бухорий 6782; Имом Муслим 211).
Аллоҳнинг бандалари! Жоҳилият даврининг фахри ва анъанаси бўлган ароқни Ислом дини бекор қилиб келди ва қалбига тавҳид ва эътиқод устунларини ўрнатиб, бандаларни бандаларга бўлган қулликдан, шаҳват ва майилликлар истагидан Аллоҳга бўлган қулликка чиқариш билан ароқ асоратидан мусулмон умматни тозалади. Кўплаб саҳобаларни ароқ ичишга муккасидан кетишдан қутқарди ва қалбларини сайқаллади. Натижада, саҳобалар ундан воз кечиш билан Аллоҳ ва Расулини ғазаблантирадиган барча одатни тарк этдилар.
Мана, Ҳассон ибн Собит разияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ароқни шундай таърифлайди:
Уни ичиб айланамиз қиролу арслонларга,
Ҳолига вой бундан кейин қарши келган ўғлонларга!
Ислом қалбини ёритгач эса унинг шеърлари «мушриклар юрагига найзанинг тиғлари каби ботар эди». Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ва уни Насоий ва Термизий (раҳимаҳумаллоҳ)лар ривоят қилиб: ҳасан саҳиҳ, дейишган эди.
Жоҳилият даврида шаробхўрлиги билан шуҳрат қозонган Абу Меҳжан Сақафий разияллоҳу анҳунинг қуйидаги шеърни ёзгани тахмин этилади:
Узумзор бўлсин мозорим, жоним чиқса танамдан,
Биёбонга дафн этманг, ўлмасин руҳим аламдан!
Узумларнинг томиридан сўрайин май-бодани,
Қабримда ҳам маҳрум этманг мендай асилзодани!
Унинг қалбига Аллоҳ ва Расулига бўлган иймон ўрнашгач, Қодисия жангида матонат кўрсатди. Унга Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳу: «Исломга кирганингиздан кейин ароқнинг хумори тутмадими?»– деб савол берганида: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, ўша кундан буён оғзимга бир томчи ароқ олмадим. Ислом қандай яхши йўл кўрсатувчи ва одоб берувчидир!»– деб жавоб берди.
Ҳой одамлар, гиёҳванд моддалар ва маст қилувчи ичимликлар разолати аянчли натижаларни келтириб чиқаради. У натижалар ҳозирги асримиздагидек бошқа бирон асрда кўрилмаган. Ислом душманлари мусулмон ўлкаларга мусулмонларни карахт қилиш, куч–қудратларини сўриш, ҳаракатларини пучга чиқариш, ақлларини очиқ–ойдин шол қилиш учун бошлашган «ароқ ичириш ҳужумлари», тарихнинг бирон асрида бунчалар кенг кўламда содир бўлмаган.
Ислом душманлари мусулмонлар орасига уларга бўлган ҳасад ва адоватлари туфайли катта миқдордаги банг моддаларини олиб кирмоқдалар. Улар Ислом умматининг шу оғулар ботқоғида қийналишини режалаштирганлар. Ҳолбуки, у ботқоқдан узоқ давом этган қийналиш ва самимий тавба билангина чиқиш мумкин.
Одамларнинг бир гуруҳи бу оғунинг исканжасига тушиб, гиёҳванд моддалар ва маст қилувчи ичимликлар елинини эма бошладилар. Натижада, жамият биносини бузиб, аъзоларини турли тарафларга сочиб юбордилар. Замонавий маданият айрим одамларга алдоқчилик қилди ва уларнин қулоғига тарихдаги халқларникидан фарқли вазифалар учун келган авлод эканликларини пичирлади. Уларнинг «мутахассислари» бу авлодга суннат нолойиқ экани, улар ўтмиш халқларга бўйинсунмасликлари, чунки, атом ва коммуникация асрида яшаётганликларини хаёллантириб, бутун инсониятга: «Ахир дунё тутун ва косалар, мастлик ва хонанда қизлардангина иборат эканини билмайсизларми?!»– демоқдалар.
Ҳой Ислом уммати, ичимиздан талайгина инсон маст қилувчи ичимликлар ва банг моддаларининг қулига айлангани сир эмас. Улар ўзларини ушбу заҳарли кайфлар билан ҳалок қилмоқдалар: руҳларини сиқмоқдалар, ўз қўллари билан қабрларини қазимоқдалар, ҳатто, руҳсиз шарпага ва ақлсиз танага айланмоқдалар.
Ҳой мусулмонлар, маст қилувчи ичимликлар ва банг моддаларининг зарарларини замонавий тиббиёт аниқлади, жамият тажрибалари кўрсатди ва уларнинг диний ва дунёвий жиҳатдан бир юз йигирмадан ортиқ зарари борлигини исботлади.
Шайхулислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) шундай дейди: «Наша – ҳаромдир ва уни тановул қилган одамга ароқ ичган одамга қўлланилган жазо ижро этилади. Чунки, наша ақл ва мижозни бузиб ташлагани учун ҳам, ароқдан кўра ёмонроқдир. У, эркакни хунасага айлантиради. Унинг бундан кўра кўпроқ зарарлари ҳам бор. Наша – Аллоҳни зикр қилишга тўсқинлик қилади!» («Мажмуъу фатаава Ибн Таймийя», 28/339).
Гиёҳванд моддалар ва маст қилувчи ичимликлар инсоннинг ақли ва мижозини бузади. Ақли ва мижози бузилган инсоннинг бирон қиймати қоладими?! У, банг моддалари ва маст қилувчи ичимликларни истеъмол қилиб, дунёга тўлиб–тошган хато ва гуноҳларга қўл уради. Ҳушига келганида эса, қилган ишига пушаймон бўлмайди. Кошки пушаймон бўлса! Қуртубий (раҳимаҳуллоҳ) ўз тафсирида маст одамлардан бирининг сийгани ва сийдигини қўли билан ушлаб юзини ювгани ва (худди таҳорат қилган одам таҳоратидан сўнгра айтганидек): «Аллоҳим, мени тавба қилганлар ва (даргоҳингда) покланганлар қаторида қил!»– деб дуо қилганини ривоят қилади.
Заҳҳок (раҳимаҳуллоҳ) бир одамдан: «Ароқ ичиб нима қиласан?»– деб сўраганида: «Овқатимни ҳазм қилади»,– деб жавоб берди. Заҳҳок (раҳимаҳуллоҳ) унга: «У сенинг дининг ва ақлингни кўпроқ ҳазм қилади»,– деди.
Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ): «Агар ақл сотиладиган нарса бўлса эди, одамлар унга катта нархни қўйишган бўлар эди. Бойлигини ақлини бузадиган нарса учун сарф этаётган одамдан ҳайратдаман!»– деди.
Ҳой одамлар, мусулмонлар ўлкасида гиёҳвандлик ҳодисалари, ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар тарафидан кўпаймоқда. Уни истеъмол қилиш оқибатида жиноятлар урчимоқда. Гиёҳвандликка қарши кураш давлат сиёсатига айланмоқда. Буларнинг барчасининг асоси иймон заифлигидандир.
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан қўрқингиз! Маст қилувчи гиёҳванд моддалардан йироқ турингиз! Ароқдан сақланинглар, чунки у – барча ифлосликларнинг онасидир!
Насоий, Ибн Ҳиббон «Саҳиҳ»ида ушбу ривоятни келтирди: «Усмон разияллоҳу анҳу хутба учун ўрнидан туриб шундай деди: «Ҳой одамлар, ароқдан сақланингиз! Чунки у, барча ифлосликларнинг онасидир! Сиздан илгари яшаб ўтган халқлар ичида бир обид одам бор эди. Ахлоқсиз аёл уни учратиб чўрисини юборди. Чўриси обидни хотиннинг хонасига олиб киргач, ичкаридан қулфлаб олди. Хотиннинг олдида бир коса ароқ ва чақалоқ бор эди. Хотин: Сен менинг ҳузуримдан ё шу ароқни ичиб ёки мен билан жинсий муошаратда бўлиб ёхуд шу болани ўлдирмай туриб чиқа олмайсан. Акси тақдирда қичқириб, менинг олдимга кирганингни халойиққа айтаман. Қани айтчи, сенинг гапларингга ким ишониши мумкин?!,– деди. Обид нима қилишини билмай қолди ва: Зино қилмайман ва тирик жонни ўлдирмайман,– деб ўйлади–да, бир коса ароқни ичди. Сўнгра хотинга: Яна қуй!,– деди. Хотин яна қуйди. Аллоҳга қасамки у ичаверди, ичаверди ва охири хотинга зино қилиб, чақалоқни ҳам ўлдирди»».
Усмон разияллоҳу анҳу айтди: «Ароқдан йироқ туринглар, чунки, ароқ барча ифлосликларнинг онаси. Аллоҳга қасамки, иймон ва ароқ бир одамнинг қалбида жам бўлмайди. Улардан бири келса, иккинчиси чиқиб кетади».
﴿ياأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَلْمَيْسِرُ وَلاْنصَابُ وَلاْزْلاَمُ رِجْسٌ مّنْ عَمَلِ الشَّيْطَـانِ فَجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَـانُ أَن يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَلْبَغْضَاء فِى الْخَمْرِ وَلْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَن ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَوةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُّنتَهُونَ﴾
«Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!
И з о ҳ. Бу ҳукм Қуръондаги ароқ, қимор... ҳақидаги охирги ҳукмдир, мусулмонлар мана шу ҳукмга амал қилишлари фарздир. Қуръон одатдагидек бу нарсаларни қуруқдан-қуруқ ҳаром дейиш билан кифояланмай, нима сабабдан ҳаром қилинганини ҳам баён қилади» (Моида: 90, 91).
Иккинчи хутба
Аллоҳга кўп, ширин, муборакли Роббимиз суюб, рози бўладиган ҳамду санолар бўлсин. Мен: «Ягона ва шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ» ва «Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва Расули»– деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан издош бўлганларга салавот ва баракалар ёғдирсин.
Сўнг ...
Ҳой мусулмонлар, Аллоҳдан тақво қилинглар ва билингларки, Ислом дини ароқни босқичма–босқич ҳаром қилди ва охири бутунлай ҳаром қилди. Аллоҳ таоло:
﴿فَهَلْ أَنْتُمْ مُّنتَهُونَ﴾
«Энди тўхтарсизлар!» (Модиа: 91),– деганида саҳобалар: «Тўхтадик! Тўхтадик!»– дедилар.
Ароқни ҳаром қилиш ҳукми барча маст қилувчи нарсаларни ўз ичига олади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Барча маст қилувчи нарса – ароқдир ва барча маст қилувчи нарса – ҳаромдир» (Имом Муслим ривояти).
Ароқ ичган одам дунёвий жазога лойиқ бўлиб, саҳобалар ижмоъси билан, ичгани кўп ёки оз бўлсин, маст қилсин ёки қилмасин, саваланади. Аллоҳ саҳобалардан рози бўлсин!
Агар ароқхўр такрор ичса, унга жазо берилади. У яна қайтмаса, шайхулислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ): «Агар эҳтиёж бўлса ва одамлар қатлсиз тийилмайдиган бўлса, тўртинчисида қатл қилинади»– деди.
Бу – фиқҳнинг ўзгинасидир. Чунки бойликни совурган одамни ўлим қайтарадиган бўлса, ўлдирилади. Шундай экан жамият аҳлоқи, салоҳияти ва нажотини совурган одамни нима қилиш керак?!
Ароқхўр – фосиқдир: унга салом берилмайди, касал бўлса кўрилмайди, чақириғига ижобат қилинмайди. Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) «ал–Адабул Муфрад» китобининг «Фосиққа салом берилмаслиги ҳақидаги боб»ида Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳуга боғланган санад билан: «Ароқхўрга салом берманглар!»– ҳадисини ривоят қилган. Яна: «Касал бўлсалар ароқхўрни кўргани борманглар!» ҳадисини ҳам келтирган.
|