PDF Bos ePochta
Payshanba, 04 Fevral 2010 06:23

Намоз ўқимайди ва рамазон рўзасини чала тутади ...

Ироқда ишлайдиган мисрлик муҳандис Аҳмад Масъад Солиҳ: Номига мусулмон бўлиб, намоз ўқимайдиган, закот бермайдиган ва рамазон рўзасини ҳам чала тутадиган одамнинг диндор хотини бор. Хотини Ислом динининг барча ибодатларини қилишга ҳаракат қилади. Улар ўртасидаги никоҳ равоми? Уларга Аллоҳ таолонинг Мумтаҳана сурасидаги ушбу оят муносиб келадими:

﴿فَإِنْ عَلِمْتُمُوهُنَّ مُؤْمِنَاتٍ فَلا تَرْجِعُوهُنَّ إِلَى الْكُفَّارِ لا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ﴾

«Бас, агар сизлар улар­нинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!— У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир» (Мумтаҳана: 10)?

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн жавоб беради:

Ушбу саволдан эр ва хотиннинг иккисидан бири – эрнинг номига мусулмон бўлиб, намоз ўқимаслиги, закот бермаслиги, рамазон рўзасини чала тутиши , хотинининг эса диндор боамал эканини тушундик. Эрнинг бенамозлиги, закот бермаслиги ёки рамазон рўзасини чала тутиши ё никоҳдан илгари, ёки никоҳдан кейин бўлиши мумкин. Агар никоҳдан илгари бўлган бўлса, унга намозни тарк қилган одамнинг кофир бўлиши ҳақидаги ҳукм муносиб бўлади. Агар унинг кофир бўлганига ҳукм берсак, унинг муслимага қилдирган никоҳи ботил бўлиб, муслима аёл унга ҳалол эмасдир. Сабаби, мусулмонларнинг Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларига таяниб қилган ижмоъларига биноан, кофирнинг муслима аёлга уйланиши ҳаромдир:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا جَاءَكُمْ الْمُؤْمِنَاتُ مُهَاجِرَاتٍ فَامْتَحِنُوهُنَّ اللَّهُ أَعْلَمُ بِإِيمَانِهِنَّ فَإِنْ عَلِمْتُمُوهُنَّ مُؤْمِنَاتٍ فَلا تَرْجِعُوهُنَّ إِلَى الْكُفَّارِ لا هُنَّ حِلٌّ لَهُمْ وَلا هُمْ يَحِلُّونَ لَهُنَّ﴾

«Эй мўминлар, қачон сизларга (Макка кофирларининг қўли остида қолган) мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, сизлар улар(нинг иймонлари)ни имтиҳон қилиб кўринглар (яъни улар ўз эрларини ёмон кўриб ёки сизлардан биронтангизга ишқи тушиб қолгани учун эмас, балки фақат дини Ислом учун ҳижрат қилганлари ҳақида сизларга қасам ичсинлар).— Аллоҳ уларнинг (дилларидаги) иймонларини (ҳам) жуда яхши билгувчидир.— Бас, агар сизлар улар­нинг (ҳақиқий) мўмина эканликларини билсангизлар, у ҳолда уларни кофирларга қайтарманглар!— У мўминалар (кофирлар) учун ҳам ҳалол эмас ва у (кофир)лар (мўмина)лар учун ҳалол эмасдир» (Мумтаҳана: 10).

Аслида кофир экани ёки муртад бўлиб кофир бўлган одамнинг муслима аёлга уйланиши ҳалол эмаслиги, қилинган никоҳнинг ботил экани ҳақида мусулмонлар ўртасида фарқли кўришлар бор. Намозни фарзлигига иқрор бўла туриб тарк этган одамнинг кофир бўлиши ҳақидаги гап, Қуръон Карим, суннат ва саҳоба разияллоҳу анҳумлар ижмоъси далолат қилган ҳукмдир. Бу Имом Аҳмад мазҳабида машҳур бўлган, Имом Шофиийнинг икки қавлидан бири далолат қилган ҳукмдир.

Агар эр мўътадил мусулмонлик пайтида мазкур хотинга уйланган ва кейин намозни ва закотни тарк қилиб, рамазон рўзасини чала тутган бўлса, биз унга ҳам кофир ҳукмини берамиз ва бу ҳукм тўғридир. Бундай пайтда унинг никоҳи талоқсиз бузилади. Агар у, хотинининг идда ўтириши фарз бўлиб, иддаси тугашидан илгари тавба қилиб, Ислом динига қайтиб, намозини ўқиса хотини ўзиники, агар тавба қилиши ва намоз ўқишидан илгари иддаси тугаса, хотини устидаги раҳбарлиги ҳамда ҳаққи қолмайди ва никоҳи бузилади. Бироқ уламолар бу масъалада: «Идда тугагач никоҳ бузилиб, эр бу хотинини янги никоҳ билан ўзига қайтариб олади» ва: «Идда тугаши билан эр хотини устидаги раҳбарликни йўқотиб, Ислом динини қайта қабул қилса аввалги никоҳи билан яшаб кетиши мумкин» дея фарқли фикрлар билдирдилар. Биз бу фарқли фикрларни, бу ерда мубоҳаса қилишни хоҳламаймиз. Зеро ҳар икки тараф ҳам ўз далилларини келтирган.

Агар эр боамал диндор бўлган пайтида хотинга уйланган ва жинсий алоқа қилишдан илгари намозни ўқимай, закотни бермай ва рамазон рўзасини чала қўядиган бўлиб қолган бўлса, унинг намозни тарк қилиши биланоқ никоҳ бузилади. Жинсий алоқа қилишдан илгари никоҳ бузилган бўлса, идда ўтириш шарт эмас. Хуллас, намозни тарк қилган эрнинг ҳолати учта нарсадан холий бўлмайди:

Биринчи ҳолат: намозни никоҳ қилдиришдан илгари тарк қилган. Бундай пайтда унинг никоҳи никоҳ ҳисобланмайди ва муслима хотин ҳам унга ҳалол бўлмайди.

Иккинчи ҳолат: намозни никоҳ қилдирганидан кейин, жинсий алоқа қилиш ёки идда ўтиришни тақозо этган ёлғизликдан илгари тарк қилган. Бундай пайтда намозни тарк қилишнинг ўзи биланоқ никоҳ бузилади.

Учинчи ҳолат: намозни никоҳ қилдириб, жинсий алоқа қилгани ёки иддани тақозо этадиган ёлғиз қолишдан кейин тарк қилган. Бундай пайтда иш идданинг тугашига боғлиқ бўлиб қолади: агар идда муддати тугашидан илгари тавба қилиб, намоз ўқиса хотин унинг хотини, агар идда тугагунича тавба қилиб, намоз ўқимаса, Аллоҳ сақласин, унинг муртадлиги маълум бўлганидан бошлаб никоҳи бузилади. Бундай пайтда уламолар ўртасидаги фарқли кўришларга биноан: ё хотин мазкур эри учун идда ўтирмайди, ёки қайта Ислом динини қабул қилса эрнинг агар хоҳласа мазкур хотинига қайтиш рухсати бўлади. Айтиб ўтганимиздек, бу масъалада илм аҳллари ўртасида ихтилофлар бор.

Булар ичидан биз қувватлаганимиз: намозни тарк қилган одам Ислом миллатидан чиқарадиган куфр амални қилган бўлади. Мен бу масъала ҳақида кўп ўйландим ва талайгина китобларни мутолаа қилдим. Шу изланишим натижасида, бундай одамнинг кофир экани қувватлироқ эканини, кофир эмас деган одамларнинг қавллари тўрт қисмдан холи эмаслигини топдим:

–        асло далиллари йўқ;

–        далиллари намозни тарк қилиш маҳол бўлган маънога боғланган;

–        далиллари намозни тарк қилиш рухсатли бўлган ҳолатга боғланган;

–        далиллари умумий бўлиб, намозни тарк қилган одамнинг кофир бўлишини ифодалаган далиллар билан хосланган.

– Ҳурматли шайх, яна иккинчи савол ҳам бор. Фараз қилайликки, мазкур хотин ҳукмларни билмай, муртад бўлган эри билан бирга яшади. Эри эса ғазабнок, ўзини йўқотиб қўядиган даражада муаммолари кўп одам. У аччиқланиб турган пайтида, Аллоҳ сақласин, Аллоҳни ҳам, бошқа нарсаларни ҳам сўкаверади. Ўзини йўқотиб, хотинига: «Талоқ қўяман!» деб қасам ичаверади. Агар санамоқчи бўлсак, унинг талоқ билан қасам ичиши шу яқин ўртада ўн мартадан кўпроқ бўлган. Айтингчи, бу билан талоқ тушади?

— Биз: «Намозни ўқимаслик билан кофир бўлди!»– деган пайтимизда, хотини ундан йироқлашиши ва у билан бирга қолмаслиги керак.Чунки, никоҳ бузилган. Никоҳ бузилган экан никоҳи бузилган эри билан у қандай қолиши мумкин? Модомики, эрнинг кофир эканига ҳукм қилар эканмиз, унинг у ёки бу ишни қилишига ёхуд талоқ қўйишига мажбурламаслигимиз керак. Чунки, ҳамма иш ўртада. Бу ерда бирон шубҳали нарса йўқ. Модомики, бировнинг Аллоҳнинг Қуръони ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳамда саҳобаларнинг ижмоъси билан Ислом миллатидан чиққан кофир экани аниқ бўлар экан, унинг ўзи билан хотини ўртасидаги никоҳнинг бузилгани ҳақида ҳеч тараддуд қилмаслик керак.

 

        Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Бошқа мақолалар: