|
|
|
| Yakshanba, 07 Fevral 2010 09:01 | |
|
Тумор таққан одамнинг ибодати Тингловчи: Қўлида тумор бўла туриб намоз ўқиган ёки ундан бошқа бирон ибодатни қилган одамнинг ҳукми нима? Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 20): Тумор тақиш жоиз бўлмай, ҳаромдир. Тумор тақиш – кичик ширк бўлиб, катта ширкка олиб боради. Агар унинг қалби туморга боғланмаган ва туморни фойда ёки зарар беради деб эътиқод қилмаган, яъни, катта ширкни қилмаган экан, намози раводир. Чунки, кичик ширк амалларни ботил қилмайди. Фақатгина риёкорлик амалларни бекор қилади. Аммо, тумор қандай ном билан аталмасин ва суяк, тилсим, азойим, қисқартирилган ҳарфлар, Қуръон оятлари, пайғамбаримизнинг дуолари ёки бошқа нарсалардан қилинган бўлмасин, уни суқланмасин ёки жин тегмасин дея болаларга, гоҳида катта ёшдагиларга ёхуд беморларга тақиб қўйишлари хато ва жоиз эмасдир. Шундай бўлсада, унинг намози раво бўлиб, одам мусулмон ҳисобланади. Бундай қилиш хато ва таъқиқланган кичик ширкдир. Одамнинг қалби туморга боғланса, Аллоҳни қўйиб туморнинг ўзигина фойда ёки зарар бера олади деган эътиқодга борса, туморнинг сабаб эканини ўйламаса ёки туморнинг ўзигина шифо беради деб ишонса, бу – хатарли эътиқод ва катта ширкдир. Бироқ, мусулмонларнинг кўплари бундай эътиқодда бўлмайди, балки тумор сабаблардан бири, деб тушунади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тамима (кўз тегмасин дея тақилган тумор)ни таққан одамни Аллоҳ сақламасин! Вадаъа (тинчлантириш учун тақилган тумор)ни таққан одамга Аллоҳ тинчлик бермасин! Тумор таққан одам ширк келтирибди»– дедилар (Имом Аҳмад 4/154). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай туморларнинг ва уларни тақишнинг ҳаром эканини баён қилдилар. Шунинг учун ҳам, мўъмин агар бу гуноҳга қўл урган бўлса, тавба қилиши, туморларни узиб ташлаши ва улардан мутлақ эҳтиёт бўлиши керак. Туморлар гарчи Қуръон оятларидан қилинган бўлса ҳам, уларни узиб ташлаш керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тумор тақишни таъқиқладилар ва уларнинг биронтасини истисно қилмай, барчасидан огоҳлантирдилар. Ҳолбуки, Қуръон оятларидан туморлар ясаш, бошқа ширкларга олиб борадиган воситадир. Ширк дарвозаларини ва омилларини беркитиш лозим. Бу – менинг барча мусулмонга насиҳатимдир. У, туморларни елкаси, бўйни ёки бошқа аъзоларига, фарзандларига, хотинига ёки бошқа кимсаларга тақмасин. Балки, Аллоҳдан ҳимоя изласин. Аллоҳнинг комил сўзлари билан, яратилган махлуқларнинг шарридан паноҳ сўрасин. Шаръий ва пок зикрлар ва вирдларни ўқисин. Шунинг ўзи кифоядир. Туморларни тақишга эҳтиёж йўқ. Бундай қилиш барча мусулмон учун фарздир. Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.
|


