PDF Bos ePochta
Dushanba, 08 Fevral 2010 08:43

Қуръон ва таҳорат

Савол: Кўпинча Қуръон оятларини, хусусан, қисқа сураларни ёддан ўқиб тураман. Баъзида таҳоратим бўлмайди. Мен шундай пайтларда Қуръон ўқисам бўладими? Аллоҳ сизга билдирсин, менга тушунтириб берсангиз.

Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 34):

Мусулмон эркак ва аёллар жунуб бўлмай, фақатгина таҳоратлари бўлмаса, Қуръоннинг қисқа узунликдаги суралари, масалан, Залзала, Одиёт, Қориъа ва бошқа суралари ёки оятларни кучлари етганича ёддан ўқишлари мумкин. Қуръонни (ушлаб эса) таҳоратли бўлсаларгина ўқишлари мумкин. Аммо Қуръонга қараб ва уни ушламай ёддан ўқимоқчи бўлса, бунинг зарари йўқ. Бироқ, жунуб бўлса ғусл қилмагунича Қуръонни ушлаб ҳам, ёддан ҳам ўқимайди. Чунки Алий разияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Қуръон ўқишдан жунубликгина тўсар эди»– деган (Термизий 146; Насоий 265; Абу Довуд 229; Ибн Можа 594; Имом Аҳмад 1/124).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Жунуб одам биронта оят ҳам ўқимайди!»– деганлар (Имом Аҳмад 1/110). Демак, жунуб одам ғусл қилмагунича Қуръон ўқимайди.

Ҳайз ёки нифос қони келаётган аёл эса, Қуръонни таҳоратсиз одам каби ёддан ўқиши мумкин. Айрим илм аҳллари: «Улар ҳам жунуб каби Қуръонни ёддан бўлса ҳам ўқий олмайдилар. Чунки улар ҳам жунуб каби ғусл қилишлари керак»– деган бўлсаларда, тўғриси, ҳайз ва нифос қони кўраётган хотин-қизлар жунуб каби эмаслар. Чунки улардаги қоннинг келиши узоқ муддатга чўзилиши ва уларга Қуръон қироатидан айрилиқ оғир бўлиши, ҳатто, ёд олган оят ёки сураларни унутишлари ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам, ҳайз ва нифос қони келаётган аёллар таҳоратсиз эркак каби Қуръон оятларини ёддан ўқишлари мумкин. Жунуб одамгина ғусл қилмагунича Қуръонни ўқий олмайди. Ҳайз ва нифос қони кўрган хотин, жунуб бўлган ёки таҳоратсиз эркак ва хотиннинг Қуръонни ушлаб ўқишлари таъқиқланади. Қуйидаги оят тафсирида уламоларнинг икки қавлидан бирида шундай дейилган:

{ لَا يَمَسُّهُ إِلَّا الْمُطَهَّرُونَ }

«Уни фақат таҳоратли — пок кишиларгина ушларлар» (Воқеъа: 79).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Қуръонни пок одамларгина ушласин!» дейилган (Имом Молик 468). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яманликларга ёздирган мактубида, Қуръонни таҳоратли одамларгина ушлаши раво эканини баён қилганлар. Бу ҳадиснинг бошқа ривоят силсилалари ҳам бўлиб, улар бир-бирини қувватлайди.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, жунуб, ҳоиза, туғруқ қони келаётган аёл, ел келиши ёки сийиши оқибатида таҳорати бузилган одамнинг Қуръонни ушлаб ўқишлари жоиз эмас. Таҳоратсиз одам, ҳоиза ва туғруқ қони келаётган хотиннинг Қуръонни ушламай ёддан ўқиши жоиз. Жунубнинг эса Қуръонни на ушлаб ва на ёддан оят ўқиши мумкин эмас. Баҳсимизнинг хулосаси шулардан иборат бўлиб, уларни билиш ўта муҳимдир.

         Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.

 

Бошқа мақолалар: