|
|
|
| Seshanba, 02 Mart 2010 16:23 | |
|
Дунё, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туфайли яратилганми? Савол: Биз тарафда дунё ичидаги барча нарсалари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туфайли яратилгани, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлмаса яратилмас экани одамлар ўртасида ёйилиб, улар учун оддий «ҳақиқат»лардан бирига айланиб қолди. (Шу тўғрими?). Тингловчиларнинг саволларига жавоб бераётган ҳурматли шайх жанобларининг, агар айтилган гаплар тўғри бўлса, етарлича далиллар билан тушунтириб беришини илтимос қиламан. Аллоҳ устларингиздан мукофотлар ёғдирсин. Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз жавоб беради (фатво № 46): Бу гапларни омманинг айрим қатламлари тушунмасдан гапириб юради. Ҳатто айрим одамлар: Бу дунё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли яратилган. Агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлмаса эди, бу дунё яратилмас эди,– дейдилар. Бу, асоси бўлмаган ботил ҳамда фосид сўздир. Чунки Аллоҳ таоло бу дунёни Аллоҳни таниш ва билиш, Аллоҳга ибодат қилиниши учун яратди. Дунё ва ундаги махлуқотлар Аллоҳнинг исм ва сифатларини, қудрат ва илмини танишлари ҳамда Унинг ўзига шериксиз ибодат ва итоат қилишлари учун яратилганлар, Муҳаммад ёки Нуҳ ёхуд Мусо ё Ийсо ёда бошқа бирон пайғамбар сабабли яратилмаганлар. (Аллоҳ уларнинг барчасига салавоту саломлар йўлласин!). Балки Аллоҳ таоло махлуқотларни шериксиз ўзигагина сиғинишлари учун яратган. (Ҳа), Аллоҳ таоло дунёни ва бошқа махлуқотларни Ўзига сиғинишлари, Ўзини танишлари ва улуғлашлари ҳамда Аллоҳ барча нарсага қодир ва барча нарсани билиб тургувчи Зот эканини билишлари учун яратди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: { وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ } «Инсон ва жинларни Ўзимгагина ибодат қилишлари учун яратдим» (Зориёт: 56). Аллоҳ бу оятда инсон ва жинларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли эмас, балки, Ўзига ибодат қилишлари учунгина яратганини баён қилди. Аллоҳ таоло улар қаторида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳам Ўзига ибодат қилиши учун яратган. Аллоҳ таоло айтди: { وَاعْبُدْ رَبَّكَ حَتَّى يَأْتِيَكَ الْيَقِينُ } «(Шунингдек) то сизга аниқ-нарса (яъни, ўлим соати) келгунича Парвардигорингизга ибодат қилинг!» (Ҳижр: 99); { اللَّهُ الَّذِي خَلَقَ سَبْعَ سَمَاوَاتٍ وَمِنَ الْأَرْضِ مِثْلَهُنَّ يَتَنَزَّلُ الْأَمْرُ بَيْنَهُنَّ لِتَعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ وَأَنَّ اللَّهَ قَدْ أَحَاطَ بِكُلِّ شَيْءٍ عِلْمًا } «Аллоҳ етти осмонни ва Ердан ҳам ўшаларнинг мислини (яъни етти қават Ерни) яратган зотдир. (Аллоҳнинг) амри фармони уларнинг (яъни етти қават осмон ва етти қават Ернинг) ўртасига нозил бўлиб-тарқалиб турур. Токи сизлар Аллоҳнинг барча нарсага қодир эканлигини ва Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12); { وَمَا خَلَقْنَا السَّمَاءَ وَالْأَرْضَ وَمَا بَيْنَهُمَا بَاطِلًا } «Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз» (Сод: 27). Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларни Ўзига ҳақ билан сиғинишлари, итоат этишлари ва Аллоҳни улуғлашлари, Аллоҳ барча нарсага қодир ва барча нарсани Билгувчи Зот эканини билишлари учун яратди. Эй тингловчи, сиз эшитган гаплар асоссиз ботил нарсалардир. Аллоҳ таоло махлуқотни, жинларни, инсонларни, само ёки ерни ва бошқа нарсаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки бирон бошқа пайғамбар сабабли яратмади. Балки дунёни ва ундаги махлуқотларни Ўзигагина шериксиз сиғинилиши, Аллоҳнинг исму сифатлари танилиши учун яратди. Мана шугина – ҳақиқатдир ва унга далиллар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг шарафлиси ва фазилатлиси, пайғамбарларнинг охиргиси ва Одам зурриётининг саййиди бўлсаларда, Аллоҳ таоло Уни Аллоҳга ибодат қилиши учун яратди. Одамларни эса Роббиларига сиғинишлари учун йўқдан бор қилди. Аллоҳ таоло махлуқотларни, одамларнинг афзаллари бўлсаларда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли яратмади. Ҳой тингловчи, Сиз буни яхши билинг ва бошқаларга ҳам етказинг! Чунки бу – муҳим масъала. Ўзларини олимдек кўрсаларда ҳақиқий билимлари бўлмаган жоҳил ва ғулув кетганларнинг кўпи бу хатога қўл урмоқдалар. Аслида уларнинг аксари оми ва савиясиз гумроҳ инсонлардир. Билимли ва онгли инсонлар бу гапларнинг нотўғри, Аллоҳ таоло махлуқларни Аллоҳнинг Ўзигагина шериксиз ибодат қилишлари, Аллоҳнинг исм ва сифатларини, Аллоҳнинг Ҳаким ва Билгувчи, Эшитгувчи ва Ижобат қилгувчи Зот эканини, Аллоҳгина барча нарсага қодир, ўз сифати, исмлари ва ишларида комил олий Зот эканини билишлари учунгина яратган эканини жуда яхши биладилар.
Манбаъ: «Йўлдаги ёғду» радио дастури фатволари.
|


